Жаҳон | 11:20 / 20.06.2023
6469
2 дақиқада ўқилади

Экспертлар: Экологик инқирозлар аҳоли саломатлигига таҳдид соляпти

Саломатлик учун алоҳида хавф - ҳавонинг зарарли моддалар билан ифлосланиши, деб ёзади Германия ҳукумати қошидаги экспертлар кенгаши. 

Фото: News Muse

Экологик инқирозлардан фуқароларнинг соғлиғига таҳдид ортиб бормоқда, дея огоҳлантиради Германия ҳукуматининг Атроф-муҳит бўйича экспертлар кенгаши. 19 июнь, душанба куни эълон қилинган ҳисоботда у атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш бўйича янада интеграциялашган сиёсатга чақирди. 

Мутахассислар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларини келтирмоқда. Унга кўра, Европада ўлимнинг тахминан 15 фоизи экологик хавфлар туфайли юзага келади. Ҳавонинг зарарли моддалар, хусусан, майда чанг билан ифлосланиши соғлиқ учун алоҳида хавф туғдиради. 

«Майда чанг нафас олиш касалликларининг ривожланишига ҳисса қўшади, шунингдек, юрак-қон томир тизими ва бошқа органлар тизимларига ҳам таъсир қилиши мумкин», дейилади Германия соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах ва Германия атроф-муҳит вазири Штеффи Лемкега берилган ҳисоботда. 

Ҳавонинг майда чанг билан ифлосланишининг асосий манбалари, таъкидланганидек, транспорт, шунингдек, саноат ва уйда ёниш жараёнлари ҳисобланади. Маълумотларга кўра, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояланмаган тоифалари айниқса касалланиш хавфи остида. Улар транспорт шовқини ва ифлослантирувчи моддалардан номутаносиб равишда таъсирланади. 

«Шаҳарсозликда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соғлиқни сақлаш бўлимларини фаолроқ жалб қилишни ва жамоатчиликнинг фаол иштирокини, шунингдек федерал ва ҳудудий даражада молиявий ёрдамни талаб қилади», деди кенгаш аъзоси Вольфганг Кёк.

Мавзуга оид