Жаҳон | 10:05 / 28.06.2023
6093
2 дақиқада ўқилади

Сўров: Дунёда АҚШга бўлган муносабат ижобийлигича қолмоқда

АҚШга энг яхши муносабат Полшада, энг ёмони - Венгрияда. Умуман олганда, Pew Research Center сўрови ўтказилган 23 давлат орасида респондентларнинг 59 фоизи АҚШ сиёсатини ижобий баҳолаган.

Фото: pixabay

Шимолий Америка, Европа, Яқин Шарқ, Осиё-Тинч океани, Африка ва Лотин Америкаси минтақасидаги 23 мамлакатда ўтказилган Pew Research Center социологик тадқиқоти натижаларига кўра, дунёда АҚШ ва президент Жо Байденга муносабат ижобийлигича қолмоқда. Сўров маълумотлари 27 июнь, сешанба куни эълон қилинди. 

Мамлакатларда респондентларнинг 59 фоизи Қўшма Штатларнинг дунёдаги ролини ижобий баҳолайди, 30 фоизи - салбий. Сўровда қатнашган мамлакатлардан Америка Қўшма Штатларига Полшада энг яхши муносабатда бўлинган, бу ерда респондентларнинг 93 фоизи буни билдирган. Тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, бу рақам Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин кескин ошган. 

Исроилда сўровда қатнашганларнинг 87 фоизи Қўшма Штатларга яхши муносабатда эканликларини айтган – бу мамлакатлар орасида иккинчи кўрсаткичдир. Германияда респондентларнинг 57 фоизи АҚШ сиёсатини ижобий баҳолаган, ўтган йили бу кўрсаткич 66 фоизни ташкил этган. Қўшма Штатларга нисбатан салбий муносабатда бўлган ягона давлат - Венгрия. Бу ерда респондентларнинг 51 фоизи мамлакат ва унинг президентига нисбатан салбий муносабатда эканини билдирган. 

Танланган барча мамлакатлардаги респондентларнинг аксарияти Қўшма Штатлар дунёнинг бошқа давлатлари ишларига аралашади деган фикрга қўшилди (респондентларнинг 82 фоизи). Шу билан бирга, респондентларнинг ўртача 61 фоизи Қўшма Штатлар бутун дунёда тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшмоқда, деб ҳисоблайди. Сўровда қатнашганларнинг 54 фоизи Байденга ишонч билдирган, 30 фоизи буни ҳис қилмаслигини айтган. 

Мавзуга оид