Спорт | 17:11 / 29.06.2023
31538
11 дақиқада ўқилади

Ёзги трансферлар. Европа клублари таркиби қандай ўзгармоқда?

«Челси», «Бавария», «ПСЖ» ва бошқа топ-клубларни қайси юлдузлар тарк этди ва яна кимлар кетиши кутилмоқда.

Фото: MARCO LUZZANI, FRANCESCO SCACCIANOCE, CLIVE ROSE/GETTY IMAGES

Европа топ-клублари трансферлар бозоридаги ишларни давом эттирмоқда. 2023 йил ёзининг алоҳидалиги шундаки, маълумотларнинг кўпчилиги кучли клублар сафини футболчилар оқими тарк этаётгани билан боғлиқ. Бу борадаги энг фаоллик – «Челси»да кузатилмоқда. Аммо лондонликлар ҳали ҳам кераксиз футболчилардан таркибни тозалаб улгурмади. «Челси», «Барса», «МЮ» ва бошқа топ-жамоаларни яна кимлар тарк этади?

«Челси»

Кай Ҳаверц. Фото: ARSENAL.COM

Лондон клубини аллақачон Калиду Кулибали, Эдуар Менди (иккиси ҳам «Ал-Аҳли»га), Н’Голо Канте («Ал-Иттиҳод»), Темуэ Бакайоко (клубсиз), Жоау Фелиш, Денис Закариё (уларнинг иккисида ҳам ижара муддати тугади), Кай Ҳаверц («Арсенал»), Матео Ковачич («Манчестер Сити»), Рубен Лофтус-Чик («Милан»), Ҳаким Зиёш («Ан-Наср») тарк этиб бўлишди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Лондонликлар яна бир гуруҳ футболчилари учун вариантлар изламоқда: форвардлар Пиер-Эмерик Обамеянг (у «Барселона»га қайтиши айтилмоқда), Ромелу Лукаку («Интер» унинг трансфер ҳуқуқини сотиб олиши, «Милан»га ўтиши ёки Саудия Арабистонига кетиши мумкин), Кристиан Пулишич («Милан»), яримҳимоячилар Мэйсон Маунт (асосий вариант – «Манчестер Юнайтед»), Каллум Ҳадсон-Одои (Саудия Арабистонидан вариантлар бор), шунингдек ҳимоячилар Сесар Аспиликуэта ва Трево Чалоба (уларнинг иккисини «Интер» билан боғлашмоқда). «Челси»да тозалаш давом этади. Асосий харидлар эса ҳали олдинда – таркибда жой бўшатилганидан кейин.

«Манчестер Юнайтед»

Жейдон Санчо. Фото: MATT MCNULTY/GETTY IMAGES

Манкунианликлар ҳам таркибни ортиқча футболчилардан тозалаш устида иш олиб бормоқда. Марсел Забитцер, Ваут Вегҳорст ва Жек Батлэнднинг ижара муддати якунланиб, ўз клубларига қайтишди. Шунингдек, «МЮ»ни Аксел Туанзебе ва Фил Жонс эркин агент мақомида тарк этди. Аммо асосий чиқиш трансферлари ҳали олдинда. Daily Mail хабарига кўра, «Юнайтед» бир гуруҳ футболчилари бўйича таклифларни кутмоқда. Уларнинг қаторига: ҳимоячилар Алекс Теллес, Ҳарри Магуайр, Брендон Уилямс, Эрик Байи, яримҳимоячилар Фред, Донни ван де Бек, Скотт Мактоминей, Ҳаннибал Мужбри ва Жейдон Санчо, шунингдек форвардлар Энтони Эланга ва Антони Марсиял киради. Шунингдек, «МЮ»ни эркин агент мақомида 12 йилдан буён клубда бўлган Давид де Хеа ҳам тарк этиши мумкин. «Юнайтед» сотувлардан жами 280 млн евро ишлаб олишни кўзлаган. Юқорида номлари саналган футболчиларнинг барчасини сотишнинг имкони бўлиши даргумон, аммо уларнинг бир қисми Манчестерни тарк этиши аниқ.

«Ливерпул»

Мерсисайдликлар ёппасига сотувларни амалга оширмади, аммо барибир клубни қатор футболчилар тарк этишди. Фахрий футболчи Жеймс Милнер шартномаси тугаб, «Брайтон»га йўл олди, Англияда ишлари юришмаган Наби Кейта ҳам эркин агент мақомида Германияга қайтди, аммо «Лейпциг»га эмас, «Вердер»га. Артур Мелонинг эса ижара муддати якунланди ва «Ювентус» ихтиёрига қайтди. Шунингдек, шартномаси якунлангани туфайли Роберто Фирмино ва Алекс Окслейд-Чемберлейн «Ливерпул» билан хайрлашди. Юрген Клопп жамоасини дарвозабон Кивин Келлеҳер, марказий ҳимоячилардан бирортаси (Жозеф Гомес, Рис Уилямс, Натаниел Филлипс) тарк этиши кутилмоқда.

«Арсенал»

Томас Парти. Фото: CATHERINE IVILL/GETTY IMAGES

«Арсенал»ни тарк этиши мумкин бўлган футболчиларнинг кўпчилигини ижарадан қайтганлар ташкил этади. Рўйхатдан қуйидагилар ўрин олган: дарвозабон Алекс Рунарссон, ҳимоячи Седрик Суареш, яримҳимоячи Николя Пепе, шунингдек форвард Фоларин Болагун. «Канонирлар» аллақачон Пабло Мари («Монца» унинг трансфер ҳуқуқини сотиб олди) ва Эйнсли Мэйтленд-Найлс (эркин агент) тарк этиб бўлди. Шунингдек, «Арсенал» ҳимоячи Киран Тирни («Нюкасл») ва яримҳимоячи Томас Парти (Саудия Арабистони клублари ёки «Ювентус») билан хайрлашиши мумкин. Лондонликлар таркибда асосий тозалашни ўтган йили ўтказишганди, шунинг учун 2023 йил ёзида жамоа бу борада мўътадил сиёсат юритмоқда.

«Манчестер Сити»

Илкай Гундўған. Фото: FCBARCELONA.COM

Англиянинг амалдаги чемпиони, Англия Кубоги ва Чемпионлар лигаси кубоги соҳиби жамоада инқилоб ўтказмоқчи эмас. Ҳимоячи Бенжамен Мендининг шартномаси муддати тугаган, аммо у ўзига қарши очилган жиноий иш туфайли анчадан буён майдонга тушмаётганди. Шунингдек, яримҳимоячи Илкай Гундўған «Барса»га эркин агент сифатида йўл олди. Яна бир эҳтимолий йўқотиш – Бернарду Силва бўлиши мумкин. Португалиялик футболчига Саудия Арабистони клублари, «ПСЖ» ва «Барселона» қизиқмоқда. Аммо Силва барибир Манчестерда қолиши ҳақиқатга яқин вариант.

«Барселона»

Каталонияликларнинг ёз учун асосий вазифаси – маошлар фондини қисқартириш. Икки афсонавий футболчи – Серхио Бускетс (йиллик маоши 24 млн евро) ва Жорди Алба (10,5 млн евро) эркин агент мақомида кетиши «Барса» иқтисодига фойда келтирди. Шунингдек, кўк-анорранглилар ижарадан қайтган ҳимоячилари Сержино Дест, Самэул Умтити ва Клеман Лангле учун янги клуб қидирмоқда. «Барса» чемпионлик таркибидаги бир неча футболчини сотувга қўйишни ҳам кўзлаган. Хусусан, Хави ҳимоячи Эрик Гарсия («Интер»), яримҳимоячи Франк Кессие («Ал Аҳли») ва вингер Ансу Фати («Вулверҳемптон»). «Барселона» бир шов-шувли трансферни амалга ошириб бўлди – германиялик яримҳимоячи Илкай Гундўған эркин агент мақомида келди. Навбатдаги янгилар келиши чиқиш трансферлари кампанияси муваффақиятига боғлиқ.

«Ювентус»

Федерико Киеза. Фото: VALERIO PENNICINO/GETTY IMAGES

Туринликлар сўнгги ўн йилликдаги энг ёмон мавсумини ўтказди. Жамоа фақат Конференциялар лигасига йўллана ололди (бунга иқтисодий фирибгарликлар учун очколар олиб ташланиши билан боғлиқ можаро сабаб бўлди), шунингдек мавсум бирорта совринсиз якунланди. Туринликлар қайта қуриш даврига кирмоқда. Клубни аллақачон Анхел Ди Мария ва Деян Кулушевски (бир ярим мавсумлик ижарадан кейин «Тоттенҳэм» уни сотиб олди) тарк этди. Шунингдек «Юве»ни тарк этиши кутилаётганлар қаторида Душан Влаҳович («ПСЖ», «Нюкасл», «Челси» ва «Бавария» қизиқмоқда), Федерико Киеза («Ливерпул», «Челси», «ПСЖ», «Бавария»), Бремер («Тоттенҳэм», «Астон Вилла») ва Хуан Куадрадо (унинг шартномаси тугамоқда, аммо ҳали узайтирилиши ҳам мумкин) кабилар бор.

«Бавария»

Лукас Эрнандес. Фото: ALEX GRIMM/GETTY IMAGES

Мюнхенликлар ўтган мавсумни анча ёмон якунланганига қарамай (ЕЧЛдан эрта чиқиб кетилди, Германия Кубоги финалигача ҳам етиб борилмади, чемпионлик фақат «Боруссия»нинг сўнгги турдаги қоқилиши туфайли қўлга киритилди), жамоа жиддий ўзгартиришлар режалаштирмаяпти. «Бавария»ни икки француз ҳимоячиси тарк этиши мумкин: Бенжамен Павар ва Лукас Эрнандес. Уларнинг биринчисига «ПСЖ», иккинчисига – «Челси», «Ливерпул», «Барса», «Интер», «Реал» даъвогар. «Ливерпул» «Бавария» яримҳимоячиси Райан Гравенберҳни қўлга киритиш ҳақида ҳам ўйламоқда. Кетиш учун номзодлардан яна бири – вингер Садио Мане. Сенегаллик футболчи Мюнхенда кутилган ўйинни намойиш эта олмади, қолаверса собиқ бош мураббий Юлиан Нагелсман ва жамоадоши Лерой Сане билан жанжаллашди.

«ПСЖ»

Килиан Мбаппе. Фото: JULIAN FINNEY/GETTY IMAGES

Парижликлар клуби асосий юлдузларидан бири – Лионел Мессини йўқотди. Шунингдек, жамоани катта эҳтимол билан Килиан Мбаппе ҳам тарк этади. Бу қачон – шу ёзда ёки кейинги йил рўй бериши – ҳозирча номаълум. Форвард Мадриднинг «Реал» клубига бориб қўшилади. «ПСЖ»дан Неймар кетиши варианти ҳам истисно этилмайди. Бразилиялик учун даъвогарлар қаторида «Челси» ва Саудия Арабистони клублари бор. Шунингдек, италиялик яримҳимоячи Марко Верраттининг келажаги муҳокама қилинмоқда. Масалан, унга «Рома» даъвогар. Римликлар клуби бош мураббийи Жозе Моурино шахсан Маркога қўнғироқ қилган ва уни Римга келишга ундаган. Шунингдек, парижликлар ижарадан қайтган футболчиларидан қутулишга ҳаракат қилади. Форвард Мауро Икарди «Милан»га, яримҳимоячи Леандро Паредес –  «Галатасарой»га йўл олиши мумкин.

«Реал»

Эден Азар. Фото: FLORENCIA TAN JUN/GETTY IMAGES

Мадрид суперклуби футболчилар кетиши кампаниясини якунлаган. «Реал»ни Марко Асенсио, Эден Азар ва Мариано Диас (барчаси – эркин агент мақомида) тарк этди, шунингдек Карим Бензема Саудия Арабистонига («Ал-Иттиҳод») йўл олди. Клуб Дани Себалйос, Тони Кроос, Лука Модрич ва Начо Фернандес билан шартномаларни янгилади. Шундай экан, «Реал»ни яна кимдир тарк этиши даргумон.

«Наполи»

Виктор Осимҳен. Фото: FRANCESCO PECORARO/GETTY IMAGES

Италиянинг амалдаги чемпионлари ҳозирча асосий футболчиларини йўқотгани йўқ. Аммо форвард Виктор Осимҳен ва ҳимоячи Ким Мин Жэ катта эҳтимол билан шу ёзда клубини ўзгартиради. Уларнинг иккисига ҳам топ-клублар даъвогарлик қилмоқда. Осимҳенни «Челси» ва «ПСЖ» билан, Кимни – «Бавария» ва «МЮ» билан боғлашмоқда. Неаполитанликлар клубини,  Лучано Спаллеттидан ташқари, Андреа Петаня («Монца»), Себастияно Луперто («Эмполи») тарк этди, шунингдек Тангай Н'Домбеле, Бартош Берешински ва Пиерлуиджи Голлини ижарадан қайтди.

Мавзуга оид