Жамият | 16:44 / 30.06.2023
32122
4 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: оловдан омон чиққан Ўлмасжон

Етти ойлик вақтида сандалдаги чўғга тушиб кетиши оқибатида икки оёғидан ажралган Ўлмасжон ҳозир 36 ёшда. У соғлом одамлардек меҳнат қилади, тўрт мучаси омон баъзи тенгқурларидан яхши яшайди. Ўлмасжон ҳозир иморат учун ғишт қуйяпти, асалари парвариш қиляпти. Эрта тонгда ўзи эккан бодрингларни узиб,  дўконларга тарқатади. Скутерида одамларнинг юкини ташиб беради. 

Ўлмасжон Жумаев ҳақида Kun.uz’да видео ва мақола эълон қилингандан кейин кўплаб юртдошларимиз томонидан қаҳрамонимизга моддий ёрдам кўрсатилди. Наманганлик тадбиркор протез қўйдириб берди, яна бир фарғоналик саховатпеша инсон ўз ҳисобидан онасини Умрага жўнатди.

“Мен ҳақимда тайёрланган видео Kun.uz’да чиққанидан сўнг одамларнинг менга бўлган муносабати ўзгара бошлади. Авваллари кўча-кўйга ўзимни овутиш учун чиққан бўлсам, эндиликда тирикчилик қилиш учун ҳам ташқарида юра бошладим. Шундай тасодифлар бўлдики, ошхонага овқатланиш учун кирганимда ижтимоий тармоқ қаҳрамони сифатида кўпчилик мени таниди.

Kun.uz’да чиққан лавҳада:“Қани энди онамни Умрага жўнатсам, армоним қолмас эди” деб айтган эдим. Шу лавҳадан кейин фарғоналик тадбиркор кўмаги билан онам Умра сафарига бориб келди. Наманганлик тадбиркор эса оёғимга протез қўйдириб берди. Буларнинг барчаси ҳаётда янада кучлироқ бўлишга туртки бўлди.

Орзуларим ҳақида кўп савол беришади. 9-10 ёшимда ҳарбий бўлишни орзу қилганман. Маҳалламизда ҳарбий хизматга кетаётган акаларнинг бўйнига осилиб йиғлаганим ҳамон ёдимда. Бу ушалмаган орзум эди.

Шундай оёқлар борки, у ўз эгасини ёмон йўлларга етаклайди. Протез бўлса ҳам оёғим борлигига шукр қиламан. Оёғи бўла туриб уни ҳаракатлантира олмай бир жойда ётиб қолганлар қанча...

Ҳозирда уйда чувалчанг, асалари, иссиқхонада бодринг парвариш қиляпман. Баҳорда бодринг, ёзда помидор сотаман. Айни кунларда ўзимга яраша ихчамроқ икки хонали иморат қуришни режа қилдим. Шунинг учун ҳам ғишт қуйишни бошладим.

Кейинги йили иссиқхонамни катталаштириб шунга яраша деҳқончиликни янада ривожлантирмоқчиман. Асалари уясини ҳам 25 та қутигача кўпайтирмоқчиман. Ана шу режаларим менга янада куч бағишлайди.

Уйида асалариси бор қўшниларим арининг чақиб олишидан қўрқиб уларни етарлича парваришлай олмайди. Ҳозирда маълум ҳақ эвазига ана шундай қишлоқдошларимнинг асалариларини парвариш қилиб келяпман.

Асаларидан бир йилда 20 миллион сўм даромад оламан. Бодрингларни эрта баҳорда килограммини 8 минг сўмдан сотдим. Ҳозир эса нархи 2 мингга тушди. Бодрингларни қишлоғимдаги дўконларга тарқатиб, эвазига озиқ-овқат оламан.

Дарахтларни худди ўз “акамдек” яхши кўраман. Ўтган йили аномал совуқда анорларимни совуқ уриб кетди. Ҳар йили бир туп анор 30 кг дан ҳосил берарди.

Фарзандларим ҳеч кимдан кам бўлмай улғайишларини хоҳлардим. Қўлимда оғир юк бўлса, катта ўғлим келиб ёрдамлашади. У ёнимга киряпти. Кичик ўғлим протезсиз юрган ҳолатимни кўп кўрган. Протез кийсам “катта одам” бўлиб кетганимни кўриб қўрқиб кетади. Кўтарсам худди йиқилиб кетадигандек бадани титрайди.

Ёшлигимизда дўстларим орасида вақти келиб уйлансанг, шу бўй билан келинни даврага қандай олиб чиқасан, деган саволлар кўп бўлган. Бу гаплар негадир юрагимга оғир ботарди. Яратганга шукр уйландим, икки ўғилли бўлдим.

Минг шукрки, турмуш ўртоғим ҳолатимни ҳис қилиб доим мени тўғри тушунган. Рўзғорда бирор камчилик бўлса, шу пайтгача менга тўғридан тўғри айтмаган. Уйда чой тугаб қолганини чойнакдаги қайнатилган сувнинг рангсизлигидан биламан. Ёғ қолмаганини эса ошнинг ёғсиз бўлиб қолганидан сезаман”. 

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид