Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўлини қуриш 5 млрд долларга баҳоланмоқда
Пойтахтда транспорт масалаларига бағишланган сессияда Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темирйўл линиясини қуриш лойиҳасининг дастлабки қиймати 5 млрд долларга баҳолангани, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” 2027 йилгача флотини 2 баробарга ошириши кутилаётгани айтилди.
Тошкентда ўтаётган “Шериклик ташаббуслари ҳафталиги”нинг 6 июл кунги дастури доирасида йирик транспорт инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларда ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Тадбирда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Латвия транспорт вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда 50 дан ортиқ давлатлардан келган хорижий меҳмонлар иштирок этди.
Мутахассислар халқаро юк ташувлари ва логистикани ривожлантириш орқали давлатлар ўртасида халқаро савдони кенгайтириш, бу борада олиб борилаётган ишларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.
“Охирги йилнинг ўзида қўшимча 15 та самолёт олиб келинди. Ҳаво йўллари 2027 йилга бориб ўзининг умумий флотини 2 баробарга кўтармоқчи. Яъни ҳозирда бу рақам 30 та бўлса, эндиликда 60 тага етказиши кутилмоқда. Янги хусусий авиакомпаниялар пайдо бўлгани ҳам шу жумладан.
Темирйўл соҳаси рақамлашгани, унда ягона дарча хизмати йўлга қўйилгани, янги инфратузилмавий лойиҳалар, хусусан, трансафғон, Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўл лойиҳаси ва ўрта коридор учун қилинаётган таҳлилий ишларни ҳам мисол қилиб келтирса бўлади”, – дейди транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев.
Сессияда халқаро транспорт коридорини ривожлантиришда тилга олинган энг йирик инфрзатузилмавий лойиҳалардан бири Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўл қурилиши бўлди.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари шакллантирилган, уни амалга ошириш учун Бишкекда лойиҳа офиси ҳам ташкил қилинган.
“[Тадбирда] Шу йилнинг ўзида бу темирйўл қурилишининг бошланиши, аҳамияти, бу линия қурилгач нафақат Ўзбекистон ва Қирғизистон, балки Марказий Осиё давлатлари учун янги халқаро коридор бўлиши, минтақани транзит ҳабига айлантириши мумкинлиги ҳақида қисқача тўхталиб ўтилди. Яқин кунларда Хитойнинг Сиан шаҳрида 3 томонлама учрашув бўлиши кутилмоқда. Ўша ерда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини қабул қилиш, келгуси ишларни амалга ошириш келишиб олиниши лозим. Лойиҳанинг маълум бир йўналиши аниқлаб олинган, эндиликда уни қандай амалга ошириш, молиялаштириш манбалари қандай бўлади, давлат-хусусий шериклик масалалари бор, консорциум тузиб, халқаро молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладими – мана шу масалалар кейинги учрашувда муҳокама қилинади”, – деди у.
Холматовга кўра, мазкур лойиҳанинг дастлабки қиймати 5 млрд доллар атрофида баҳоланган. Аммо ҳозирча бу аниқ сумма эмас, лойиҳа тўлақонли ишга туширилгач сарфланиши кўзланган маблағнинг миқдори ҳам очиқланиши айтилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўл линиясини қуриш бўйича илк музокаралар 2017 йилдан бошланганди.
2019 йилга келиб эса лойиҳани амалга ошириш юзасидан Хитой томони билан муҳокамалар ўтказилган. Хитойлик мутахассислар мазкур темирйўл линияси ўтиши мумкин бўлган ҳудудлар бўйича ўз таклифларини билдирганди.
Мавзуга оид
20:39 / 13.11.2024
Хитой орбитага юк ташувчи кўп марталик космик кемасини намойиш этди
20:33 / 13.11.2024
«Ўзбекистон темирйўллари» 1 декабрдан юк ташиш тарифларини 30 фоизга оширади
20:00 / 13.11.2024
«Ўзтемирйўлконтейнер» АЖнинг 35 фоиз акциялари 200 млрд сўмга сотилди
17:53 / 13.11.2024