Спорт | 17:50 / 13.07.2023
32732
10 дақиқада ўқилади

Месси қаерга кетди? Ўзига хос молиявий пирамидани эслата бошлаган MLS ҳақида

Фото: Getty Images

Саудия Арабистони лигаси трансфер иштаҳалари ҳозирча Мессининг Америкага кетишига соя солиб турибди. Аслида аргентиналик футболчи минтақадаги футбол тақдирини ҳал қилиши мумкин. Бир пайтлар Америкада футбол борми, деган савол, гўёки ўрта асрлардаги «Америка борми?» саволига ҳамоҳанг янграган бўлса-да, аввалига ЖЧ-94, кейинчалик Бекҳэмнинг Лос-Анжелес клубига ўтиши каби воқеалар эътиборимизни вақтинча бўлса ҳам қаратишга сабаб бўларди. Мессининг трансфери ўша воқеалардан кам эмас, аксинча, ҳатто MLS’нинг келажагини ҳам белгилаб бериши мумкин. MLS нима? У қаердан нафас олади? Ростан ҳам «Интер Майами» АҚШ чемпионатида аутсайдерми? Шулар ҳақида батафсил.

Мессига фақат бир клуб пул тўламайди

Алоҳида олганда, MLS чемпионатидаги ҳеч бир клуб Мессининг харажатларини қоплай олмайди. Испаниянинг Sport нашри хабарига кўра, футболчи Майамида йилига 50 миллион евро ишлаб топади. У катта фарқ билан лиганинг энг юқори даромадли футболчисига айланади, шу билан бирга Шимолий Америкада фаолият кўрсатадиган барча спортчилар орасида ўнликка ҳам кириб олади. Forbes маълумотларига кўра, «Интер» (Майами) 2022 йилда 56 миллион доллар тушум қилган ва 5 миллион доллар зарар билан чиққан. Яъни биргина Мессининг маошини тўлаш учун клуб бир йиллик топган пулининг барчасини ишлатишига тўғри келади.

Европада бундай ҳолатни умуман тасаввур қилиш қийин, айниқса Fair Play шартлари остида. Ўз вақтида Мессининг катта маоши «Барселона»нинг молиявий аҳволига ҳам таъсир кўрсатгани туфайли клуб ҳали ҳам инқироздан чиқиб кета олгани йўқ.

Аммо «Интер»га бутун лига ёрдам беради. Хабар беришларича, Месси даромаднинг маълум қисмини MLS ҳамкорлари бўлган Apple ва Adidas компанияларидан олади, шунингдек, фаолиятини тугатгач, у клубнинг эгаларидан бирига айланади.

Европада бутун лига ва унинг реклама берувчилари бир клубга у ҳатто Месси бўлса ҳам, бир футболчини сотиб олишда ёрдам беришини тасаввур ҳам қила олмайсиз, аммо MLS бутунлай бошқа қоидалар асосида яшайди. Соккер лигаси Шимолий Америка ва дунё тизимининг қоришмасидан иборат бўлган ташкилий тузилмадир.

Олти клубга бир хўжайин

Дэвид Бекҳэм ва унинг бизнесдаги шериклари «Интер Майами» эгалари ҳисобланади. Тадбиркорлар консорциуми клубни бошқаради ва улар эркин, исташса даромад олишади ёки ўз улушларини сотиб юборишади. Аммо юридик томондан клуб уларга тегишли эмас.

MLS анъанавий Шимолий Америка спорт тузилмасини ўзи учун мослаштириб олган. Энг бошида АҚШ спорти асосан университетлар атрофида қурилган, ҳамон талабалар спорти анча оммавий эканини шундан тушуниш мумкин. Ўтган аср бошларида қитъада илк профессионал жамоалар пайдо бўлди, аммо чемпионатлар Европа тизимидан фарқ қиладиган тузилмаларда ташкил қилинган.

Шимолий Америкада қуйи лигага тушиб кетиш тизими бўлмаган, зеро қуйи лигаларнинг ўзи йўқ эди. Аммо ҳар бир спортда бир-биридан мустақил бўлган бир неча лигалар мавжуд бўлган. Бу амалиёт 1970-йиллар охиригача ишлаган, кейинчалик икки рақобатчи ҳоккей лигалари бўлмиш NHL ва VHA бирлашгач, қитъада энг оммавий бўлган тўртала спортда ҳам ягона лига қолди.

Бу лигалар аввало тижорий бўлиб, асосий мақсад фойда олиш эди. Муваффақиятсиз жамоалар лигадан тушиб кетиши бу мақсадга мос келмасди. 90-йиллар бошига келиб, қитъада тўртта асосий спорт лигаси шаклланди. Америка футболида NFL, баскетболда NBA, ҳоккейда NHL, бейсболда эса MLB.

MLS бироз кечроқ, 1994 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатидан сўнг пайдо бўлди. Ўз вақтида NASL (Шимолий Америка Соккер Лигаси) бўлган, аммо 1984 йилда инқирозга юз тутган. Ўн икки йил АҚШда умуман футбол чемпионати бўлмаган, ФИФА эса 1994 йилги мундиални қабул қилиш учун мана шундай шарт қўяди.

MLS рақобатчиларидан бироз кеч пайдо бўлгани учун илк йилларда молиявий томондан инқирозли эди, шу билан бирга тузилма ҳам ўзига хос бўлган. Масалан, AEG хўжайини Филипп Аншутц бирданига 6 жамоани бошқарган, бизнесмен Ламар Ҳантда эса уч клуб бор эди. Бундай инвесторларсиз MLS’ни сақлаб қолиш имконсиз эди, аммо якунда анча қизиқарли бўлган бошқарув модели шаклланиб қолди.

Эгасиз клублар

Расман ҳозирда MLS клубларининг эгаси йўқ. Клубни лига акционерлари бошқаришади. Масалан, 2025 йилда Сан Диего клуби турнирга қўшилади ва Муҳаммад Мансур исмли тадбиркор бунинг учун 500 миллион доллар тўлади. Лекин бу ушбу клубнинг қиймати, деб ҳам тушунмаслик лозим.

Аслида Мансур MLS акционерларидан бири бўлиш учун 500 миллион доллар тўлади ва лига унга Калифорния жанубида янги клуб тузиш ва уни бошқаришга рухсат берди. Яъни бу худди франчайзингга ўхшайди. Хусусан, MLS’нинг барча клублари лиганинг ўзига қарашли бўлиб, футболчилар билан шартномалар ҳам бунинг ичига киради. Клуб «эгалари» шунчаки, франшизаларни бошқарган ҳолда даромад олишади.  

Шу билан бирга, ҳар бир франшиза учун талаблар бўлиб, ТВ-бозор ҳажми, мухлисларнинг тўлов қобилияти, мос инфратузилмаси бўйича ҳар бир клуб шундай талабларга жавоб бериши лозим. Қанчадир миллион бериб, айтайлик, Вайомингнинг бир бурчагида клуб очиш имконсиз, зеро акционерлар бунга рози бўлишмайди, ахир ҳар бир клуб муваффақияти бутун лига ташкилоти учун муҳим, дивидендлар шу асосда шаклланади.

Шунинг учун Месси кейси фақат MLS’да мумкин, Европада эмас. 29 клуб эгалари Мессининг лигада ўйнашидан манфаатдор. Юқорида айтганимиздек, бошқарувчилар соврин ютиш, рақобатчи жамоа кучайиши ё кучсизланиши каби йўналишда фикрламайдилар, улар учун MLS’нинг даромадли бўлиши муҳимроқ. Месси лига даромадини, шу тариқа, ҳар бир клуб эгалари оладиган фойда улушини оширади. Масалан, Apple TV сотадиган MLS Season Pass обуначилари сони ҳам сезиларли кўпайиши турган гап.

Тенглик лигаси

Табиийки, ҳар қандай америкача бошқарув моделлари сингари, MLS’да ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимлари ҳам ишлайди. Барча клублар деярли тенг шартларда бўлишлари учун, масалан, маошлар лимити бор. Бошқа спорт лигаларида ҳам буни кузатиш мумкин. Бир клубнинг умумий иш ҳақи бюджети 5,21 миллион доллар бўлиши керак. Энг минимал маош 85,4 минг доллар, энг катта маош эса 651 минг долларга тенг.

Уч нафар футболчи чегарадан ташқарида қолиши мумкин. Бу қоидани бир пайтлар Дэвид Бекҳэм келиши учун киритишган эди. Агар бундай қоида бўлмаса, ўшанда «Лос Анжелес Гэлэкси» Бекҳэмни ўйната олмасди. Худди шу Бекҳэм қоидаси ёрдамида «Интер» Месси билан шартнома имзолай олди.

Тенглик фақат маошларда эмас. Клублар даромадларини ўзаро бўлишади, ҳатто сотилган чипталар бўйича олинган пулларни ҳам. Шунинг учун лигада яққол устунлик қиладиган бирор клубни кўрмайсиз.

Яна бир қизиқ кейс. MLS’да легионерлар учун лимит бўлиб, ҳар бир клуб 8 нафаргача хорижлик футболчи квотасига эга, аммо бу квоталар сотилиши ёки айирбошланиши мумкин. Яъни баъзи клублар бошқа клубга пул тўлаб, белгилангандан ортиқ легионер футболчини ўйната олади. Бошқа спорт лигалари каби MLS лигасида ҳам драфт мавжуд, аммо ҳали у қадар аҳамиятли қуролга айланиб улгурмади.

Месси пирамидани қутқара оладими?

Қоғозда ҳаммаси яхши, аммо аслида, муаммолар етарли. Forbes маълумотларига кўра, 2022 йилда 28 клуб умумий 1,5 миллиард тушум қилган, лекин умумий фойда атиги 34 миллион долларни ташкил қилди холос. 19 жамоа зарар билан чиқди, фақат уч клуб 5 миллион доллардан кўпроқ фойда қилди.

Тахминларга кўра, Месси билан тузилган шартнома бўйича Apple томонидан сотиладиган трансляция ҳуқуқларидан келадиган даромад ошиши керак. Аммо трансляция сифати кўп танқид остига олиняпти, мутахассислар фикрича, бу кўринишда лигани оммавийлаштириш жуда қийин. Шунинг учун ҳам кўп мухлислар лигани «молиявий пирамида»га тенглаштиришмоқда, зеро асосий даромад манбайи янги қўшилган клубларнинг тўловлари бўлиб қолган. 

Шуни ҳам унутмаслик керакки, аксарият мулоҳазалар ва кўрсаткичлар Мессининг келишидан олдинги вазиятни англатади. Балки Месси минтақадаги футболга янги саҳифа очувчи туртки бўлар. Аммо яна бир риск бор: агар ушбу трансфердан сўнг ҳам пуллик канал обуначилари ёки трибуналардаги мухлислар сони сезиларли даражада ошмаса, инвесторларнинг ҳафсаласи пир бўлиши турган гап. Ахир Месси каби юлдузки таъсир кўрсата олмаса, умуман соккернинг Шимолий Америкадаги салоҳияти шубҳали бўлиб қолади.

Forbes материали асосида

Мавзуга оид