Жаҳон | 09:01 / 14.07.2023
5725
3 дақиқада ўқилади

Европарламент ўқ-дорилар ишлаб чиқариш бўйича янги режани тасдиқлади

Евродепутатлар ўрта ва узоқ муддатда Украинага етказиб бериш учун Европа Иттифоқида ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ўз захираларини тўлдириш режасини қўллаб-қувватлади. 

Фото: Lionel Bonaventure/AFP

Европа Иттифоқи парламенти 13 июль, пайшанба куни Европа Иттифоқи кенгаши билан музокаралардан сўнг ўқ-дори ишлаб чиқариш режасини (Act in Support of Ammunition Production, ASAP) амалга ошириш учун овоз берди. Қонун 505 овоз билан қабул қилинди, 56 депутат қарши чиқди, 21 депутат бетараф қолди. Энди уни Европа Иттифоқи Кенгаши ҳам тасдиқлаши керак. 

«НАТОнинг Вилнюс саммити контекстида бугунги овоз бериш Европа хавфсизлиги ва мудофааси йўлидаги яна бир қадам ҳамда Украинани қўллаб-қувватлашимизга яна бир аниқ сигналдир», деди руминиялик депутат, Европарламентнинг музокаралар гуруҳи раҳбари Кристиан-Силвиу Бушой.

Музокаралар давомида парламентарийлар қонун лойиҳасига ушбу қонунга мувофиқ молиялаштириладиган ўқ-дорилар Украинага экспорт чекловларисиз етказиб берилиши кераклиги ҳақидаги таҳрирни киритишга эришди, бироқ бу масала бўйича якуний қарор Европа Иттифоқи давлатларининг миллий органларида қолади. Шунингдек, депутатлар лойиҳалар кўламини кенгайтириб, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришнинг юқори ставкасини олиш ҳуқуқини таъминлади, деб хабар қилди Европарламент матбуот хизмати. Музокаралар 1 июндаги овоз беришдан кейин бошланди ва жорий сессияга бир неча кун қолганда якунланди. 

«Асосий фарқ шундаки, музокаралар олдидан қонун лойиҳасининг асл матнида Еврокомиссия томонидан Европа Иттифоқи мамлакатларида ўқ-дориларга бўлган талаб мониторинги бўйича банд мавжуд эди. Ҳозирги версияда у йўқ», - дейди Европа парламенти матбуот котиби Батист Шатен DW нашрига. Европа Иттифоқи ушбу жиҳатни кўриб чиқиш ва қонунчиликни шакллантиришга кўпроқ вақт ажратишга қарор қилди. 

Дастлаб, таклиф Европа Комиссиясидан келган ва Европа Иттифоқида мудофаа саноатининг «ер-ер» синфидаги ўқ-дорилар, артиллерия снарядлари ва ракеталарни етказиб бериш қобилиятини зудлик билан ошириш чораларини ўз ичига олган. 2025 йилнинг 30 июнига қадар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун ЕИ маблағларидан 500 миллион евро сармоя киритиш режалаштирилган. Янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, мавжуд қувватларни оптималлаштириш, кенгайтириш, модернизация қилиш ёки қайта йўналтириш, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, трансчегаравий саноат ҳамкорлигини, шу жумладан, давлат-хусусий шерикликни ташкил этиш учун молиявий ёрдам кўрсатилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид