Жаҳон | 20:39 / 17.07.2023
12752
2 дақиқада ўқилади

Кремль «ғалла битими» тўхтатилганини эълон қилди

Бунга битимнинг Россияга тааллуқли қисми бажарилмагани сабаб қилиб кўрсатилди. 

Фото: Dan Kitwood/Getty Images

«Ғалла битими»нинг амал қилиши 17 июлдан бошлаб тугайди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди. 

Кремль вакилининг сўзларига кўра, бунга Россия қўйган шартлар бажарилмагани сабаб бўлган. 

«Аслида Қора денгиз келишувлари бугундан бошлаб ўз кучини йўқотди. Россия президенти аввалроқ айтганидек, муддат 17 июлда тугади. Афсуски, ушбу Қора денгиз келишувларининг Россияга тегишли қисми шу пайтгача бажарилмаган, шунинг учун унинг амал қилиш муддати тугатилди. Шартномаларнинг Россияга тааллуқли қисми бажарилиши биланоқ, Россия битимларни амалга оширишга дарҳол қайтади. Де-факто, вазият шундай», деди у. 

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова, ўз навбатида, Москва аллақачон БМТ, Украина ва Туркияни «келишувни узайтиришга қарши экани ҳақида» расман хабардор қилганини айтди. Россиянинг Украинадаги элчиси Борис Гризлов сўзларига кўра, Минскда Украина томонига тегишли нота топширилган. 

Россия, Украина, Туркия ва БМТ иштирокида 2022 йил июль ойида Қора денгиз портларидан дон экспорти бўйича келишув имзолаган эди. Унинг доирасида Украина ғалласи асосан Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларига етказиб берилади. 

Россия келишувни узайтириш учун бир қанча шартларни илгари сурмоқда. Зарур шартлар қаторида Россия ҳукумати «Росселхозбанк»ни SWIFT тизимига қайта уланиши, қишлоқ хўжалиги техникаси ва эҳтиёт қисмларини етказиб беришни қайта тиклаш, суғурта ва қайта суғурталаш бўйича чекловларни бекор қилиш, портларга киришга қўйилган тақиқни олиб ташлашни кўрсатган. 

Мавзуга оид