Жаҳон | 08:26 / 20.07.2023
7220
2 дақиқада ўқилади

Amnesty: 21 мингдан ортиқ россиялик урушни танқид қилгани учун жазоланди

Amnesty International ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, минглаб россияликлар урушга қарши позицияси учун жарима ёки қамоқ жазосига тортилган. 

Фото: Contributor/Getty Images

Биргина 2022 йилда Россияда 21 мингдан ортиқ одам урушга қарши позицияси учун жазоланди. Бу ҳақда Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 20 июль, пайшанба куни чоп этилган янги ҳисоботида айтилади

«Россияда норози фикрлиларни бостириш кенг қамровли. Бир қатор чора-тадбирлар Россия урушига қарши танқидий овозларни ўчиришга қаратилган», - дейди ҳуқуқ ҳимоячилари. Ҳисоботда Россия ҳукумати Украинага қарши урушни қоралаганларни қандай бостириши таҳлил қилинган, шунингдек, Россияда урушга қарши ҳаракатни бостириш учун қўлланиладиган қонунлар ва амалиётлар кўриб чиқилган. «Ушбу тизимдаги ўта адолатсиз жараёнлар қамоқ ва катта жарималарга олиб келади», деди Amnesty International ташкилотининг Германиядаги бош котиби вазифасини бажарувчи Юлия Духров. 

Ташкилот маълумотларига кўра, Россияда урушга қарши позицияси учун таъқибга учраганларнинг аксарияти жаримага тортилган, улардан 2307 нафари ҳибсга олинган. Тадқиқотда айтилишича, 150дан ортиқ одам «армия ҳақидаги фейклар» ва Россия қуролли кучларини «такрорий обрўсизлантириш» ҳақидаги моддалар бўйича жалб қилинган. Россияда қабул қилинган репрессив қонунлар муаллифлар томонидан «абсурд» деб аталган.

Бундан ташқари, Amnesty россияликлар лагерларга ҳукм қилинган ҳолатларни ҳужжатлаштирган, ташкилот энди уларни сиёсий маҳбуслар деб ҳисоблайди. Ҳуқуқ фаоллари Россия ҳукуматини урушга қарши позицияси учун ҳибсга олинганларнинг барчасини озод қилишга ва репрессив қонунларни бекор қилишга чақирди. 

Мавзуга оид