Жаҳон | 15:05 / 21.07.2023
10363
2 дақиқада ўқилади

Telegram’да stories’лар пайдо бўлди. Мессенжер ижтимоийлашмоқда

Telegram мессенжерида stories – ҳикоялар функцияси пайдо бўлди. Ҳозирча фақат Premium обунасига эга фойдаланувчилар stories’ларни жойлаштириши ва ижтимоий тармоқлардаги каби таҳрирлаши мумкин.

Фото: Kun.uz

21 июлдан пайдо бўлган ҳикоялар функциядан фойдаланиш учун премиум обуначилар аввало уни расмий манбалар (Play market ёки App store) орқали янгилаб олиши керак бўлади.

Илова асосчиси Павел Дуров бу функция орқали тармоқ янада ижтимоийлашишини билдирган эди. Дуровнинг сўзларига кўра, кўп йиллар давомида фойдаланувчилардан келган сўровларнинг ярмидан кўпи “Ҳикоялар” билан боғлиқ бўлган.

Телеграмдаги ҳикояларнинг махфийлиги сақланади: сиз сторисни ким кўришини ўзингиз ҳал қиласиз, бошқаларнинг сторисларини ҳам яшириб қўйишингиз мумкин.

Шунингдек, сторисда машҳур ижтимоий тармоқлар каби фото ва видеоларни таҳрирлаш, улар устига ёзиш ва бошқаларни белгилаш имкони бўлади. Камерадан фойдаланишда эса Телеграм видеохабарлари каби иккита камерани қўллаб-қувватлаш хизмати бўлади.

Ҳикоянинг профилда қолиш муддатини ҳам фойдаланувчининг ўзи белгилайди: ҳикоя 6, 12, 24 ёки 48 соатда тугашини ёки доимий равишда қолишини танлаш мумкин.

Аввалроқ, Дуров телеграм фойдаланувчилар сони йил бошида 800 миллиондан ошганини маълум қилган. Телеграм, шунингдек Ўзбекистонда ҳам энг машҳур ва оммабоп мессенжер ҳисобланади.

Мавзуга оид