Ўзбекистон | 15:21 / 24.07.2023
10359
2 дақиқада ўқилади

Мактаб ўқитувчиларига 7,8 млрд сўмлик таътил пуллари ундириб берилди

Меҳнат кодексини амалга киритишга доир норматив ҳужжатни қабул қилиш кечикиши ортидан қатор туманларда педагогларнинг таътил пуллари камайиб кетганди. Муаммо бартараф этилгач, касаба уюшмалари томонидан 8 минг 243 нафар педагог ходимнинг таътил пуллари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ходимлар фойдасига 7 млрд 825 млн 86 минг сўм маблағ ундириб берилган.

Фото: Depositphotos

2023 йил апрел ойида янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси кучга кирди. Кодексдаги ўзгаришларга мувофиқ, ҳамма таътилларни иш кунида ҳисоблашдан календар кунида ҳисоблашга ўтилди.

Янги Меҳнат кодексига мувофиқ, педагог ходимлар иш вақтининг аниқ давомийлиги ва йиллик узайтирилган меҳнат таътилининг давомийлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланадиган бўлди.

Аммо бу борадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши кечикиши ортидан турли ҳудудларда Меҳнат кодекси ҳар хил талқин қилинди. Натижада айрим таълим муассасаларида педагогларнинг таътил пуллари камайиб кетди. Kun.uz бу масалани атрофлича ёритганди.

Шундан кейин 27 июн куни ҳукумат қарори билан педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрлари тасдиқланди. Унга кўра, мактаб ўқитувчиларининг меҳнат таътили 56 кун деб белгиланди.

Йиллик узайтирилган меҳнат таътили учун ҳақ тўлашда якшанба ва байрам кунлари инобатга олинмайди, бу мактаб ўқитувчиларига 56 календар куни миқдорида меҳнат таътили берилиб, шундан 48 иш куни учун ҳақ тўланишини англатади.

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши хабарига кўра, касаба уюшмалари ташаббуси билан 8 минг 243 нафар педагог ходимнинг таътил пуллари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, улар фойдасига 7 млрд 825 млн 86 минг сўм маблағ ундириб берилган.

Мавзуга оид