Иқтисодиёт | 19:49 / 02.08.2023
25113
6 дақиқада ўқилади

Қимматлашаётган уй-жойлар: Тошкентдаги “нарх пуфаги” янада кенгайган бўлиши мумкин

МҲТИ таҳлилларига кўра, ҳар бир квадрат метр учун энг арзон уй Қорақалпоғистонда (390 доллар), энг қиммати эса Тошкент шаҳрида (1251 доллар) қайд этилган. Пойтахтда 2022 йилнинг июнидан 2023 йилнинг июлигача бўлган даврда янги уйларнинг нархи ўртача 44 фоизга, иккиламчи бозордаги уйлар нархи эса ўртача 33 фоизга қимматлашган.

Фото: Kun.uz

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2023 йилнинг II чораги учун Olx.uz платформасида таклиф этилаётган уй-жой нархларини ҳудудлар кесимида таҳлил қилди.

Хусусан, 432 минг 893 та маълумот 115 та ҳудуд бўйича гуруҳлаб чиқилган ва интерактив веб-саҳифа кўринишига келтирилган. Бу давр давомида нархлар уй-жойнинг ҳар бир квадрат метри учун 10 гуруҳга ажратилган.

Нархлар энг арзон бўлган ҳудудлар биринчи гуруҳга (ҳар бир квадрат метр учун 390 доллардан), энг қимматлари эса ўнинчи гуруҳга ( уй-жойнинг ҳар бир квадрат метри учун нархлар 1251 долларгача) киритилган. Ҳар бир гуруҳ 86,15 долларлик нарх оралиғини ифодалайди.

Ҳисобот даврида ҳудудлар орасида энг юқори ўртача нарх Тошкент шаҳрида – 1251 доллар қайд этилиб, нарх сегментацияси бўйича энг юқори 10-гуруҳга киритилган. Самарқанд шаҳридаги ўртача нарх – 753 долларни ташкил этиб, 6-гуруҳдан ўрин олган.

Ўртача нархлар пастроқ бўлган Наманган, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро, Фарғона, Қашқадарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари 2-гуруҳдан жой олган. Республика бўйича энг минимал нарх Қорақалпоғистонда кузатилган.

“Тошкент шаҳри бўйича уй-жой нархлари 2023 йилнинг июн ойи учун янги уйлар учун ўртача 1374 долларни ва иккиламчи бозордаги уйлар учун ўртача 1143 долларни ташкил этади. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг июн ойида янги уйлар учун 953 долларни, иккиламчи бозордаги уйлар учун 861 долларни ташкил этганди. Бир йил ичида янги уйларнинг нархи ўртача 44 фоизга, иккиламчи бозордаги уйлар нархи эса ўртача 33 фоизга қимматлашган.

E-notarius маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида уй-жой олди-сотди битимлари ўрганилган давр мобайнида 1,8 фоизга камайган, яъни 2022 йил июн ойида шаҳар бўйича жами 7553 та уй-жой олди-сотдиси қайд этилган бўлса, 2023 йилнинг июн ойида 7417 та олди-сотди битими тузилган”, дейилади МҲТИ таҳлилида.

Ўртача энг юқори нархлар Миробод (1462,3 доллар), Яккасарой (1374,3 доллар) ва Шайхонтоҳур (1369,2 доллар) туманларида аниқланган. Ўртача энг паст нарх эса Учқизил (222,8 доллар), Боғот (224,2 доллар) ва Лалмикор (227,3 доллар) каби ҳудудларда кузатилган.

Тошкентдаги “нарх пуфаги” янада катталашмоқда

Марказий банкнинг 2022 йил якунлари бўйича тайёрланган “Молиявий барқарорлик шарҳи”да Тошкент кўчмас мулк бозорида “нарх пуфаги” юзага келаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган.

“Пандемиядан кейинги қондирилмаган талабнинг юзага келиши, имтиёзли ипотека кредитлари ва субсидиялар бўйича давлат дастурлари орқали уй-жойга бўлган талабнинг рағбатлантирилиши натижасида 2021 йилда Тошкент шаҳри учун бир дона уй-жой нархининг бозор ва фундаментал қийматлари ўртасидаги фарқ ўртача 120 млн сўм атрофида шаклланди.

Ташқи геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви норезидентлар томонидан Тошкент шаҳридаги яшаш уй-жойларига бўлган талабнинг ортишига сабаб бўлди. Шунингдек, 2022 йилда норезидентлар учун кўчмас мулк сотиб олиш тартибининг юмшатилгани уй-жойга бўлган талабни оширувчи омил бўлди.

Бундан ташқари, 2022 йил давомида 2021 йилга нисбатан жисмоний шахслар трансчегаравий пул ўтказмаларининг ижобий салдоси 2,3 баробарга ошди . Юқоридаги омиллар, яъни юзага келган геосиёсий вазият, миграция жараёнлари ва шахсий трансферларнинг сезиларли ортиши кўчмас мулк бозори талабига ижобий таъсир кўрсатди. Бунинг натижасида, уй-жойларнинг бозор нархи фундаментал нархига нисбатан юқори суръатларда ўсди.

Хусусан, Тошкент шаҳри учун уй-жой нархларининг бозор ва фундаментал қийматлари ўртасидаги фарқ 2022 йил IV чорагида кузатув даври давомидаги ўзининг энг юқори қийматига, яъни 210 млн сўмга етди”, дейилганди регулятор ҳисоботида.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 27 июл куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида пуфак ёрилган пайтда банкларга бўладиган салбий таъсирни камайтириш борасида кўрилаётган чоралар ҳақида ҳам айтиб ўтганди.

“Эътибор берган бўлсангиз, ипотека кредитлари ажратишда уйнинг қиймати қанча бўлишидан қатъи назар кредитнинг максимал чегарасини белгилаб қўйганмиз. Бундан мақсад, пуфаклар ёрилган пайтда банкларга бўладиган салбий таъсир жуда катта бўлишининг олдини олишдир. Яъни уй 1 млрд сўм бўладиган бўлса ҳам, банк ажратадиган кредит Тошкент шаҳрида 440 млн сўмдан ошмайди. Бу ўз-ўзидан пуфак хавфини камайтиради.

Иккинчи томондан, ҳозирги кундаги вазият қандай деган саволингизга жавоб сифатида айта оламанки, биз бу борадаги ўрганишларни якунлаяпмиз, сентябр ойида нархларнинг шаклланиши ҳақида таҳлилий маълумотларни эълон қиламиз”, деганди Нурмуродов.

Маълумот учун, уй-жой нархларининг фундаментал омилларга боғлиқ бўлмаган ҳолда доимий ортиб бориши “нарх пуфаги” шаклланишига сабаб бўлади. Бу ҳолат фундаментал бўлмаган омиллар ҳисобига кўчмас мулк бозорида талабнинг кескин ортиши ва таклиф томонидан талабни қисқа муддатда қондирилмаслиги билан изоҳланади.

Аввалроқ, Kun.uz Ўзбекистон ва дунёнинг бошқа давлатларидаги уч хонали хонадонларнинг нархларини ўзаро таққослаб чиққанди. Унда ойлик ўртача даромад бошқа ҳеч нарсага сарфланмай, фақат уй учун йиғилган тақдирда ўзбекистонликлар 216 ой ёки 18 йилда 3 хонали хонадонга эришиши мумкинлиги келтирилганди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти