Жамият | 20:13 / 03.08.2023
15995
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда содир бўлган ёнғинда 13 та хонадон ёниб кетди

Вилоят ҳокими ёнғин содир бўлган маҳаллада бўлиб, жабрланган хонадонларга пул маблағлари ва қурилиш ашёлари кўринишида ёрдам берилишини маълум қилди.

Самарқанд шаҳрида содир бўлган ёнғинда 13 та уй ёниб кетган. Хонадонлардан бирида чиққан олов шамол эсиб тургани сабабли бир-бирига туташ қилиб қурилган уйларга ўтиб кетган.

Ҳодиса 2023 йил 28 июл куни шаҳарнинг Хўжа Дониёр маҳалласида содир бўлган ва олов ўт ўчирувчилар ҳамда маҳалла аҳли ёрдами билан ўчирилган.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, бугун, 3 август куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов вилоят масъуллари билан биргаликда ёнғин содир бўлган Хўжа Дониёр маҳалласига борган.

Одамлар билан учрашув пайтида вилоят ҳокими ҳеч бир хонадон эътибордан четда қолмаслигини, ёнғиндан жабрланган хонадонларнинг ҳар бирига пул маблағлари ва қурилиш ашёлари кўринишида ёрдам берилишини таъкидлаган.

Қайд этилишича, ёнғин кундуз куни содир бўлгани учун ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган.

Маълумот учун, 2023 йил 29 июл куни Фарғона шаҳрида жойлашган 4 қаватли бинонинг ертўласида жойлашган караоке кафесида ёнғин юз берган ва 6 киши ҳалок бўлганди.

2023 йил 1 август куни Бухоро шаҳрида жойлашган савдо мажмуасида ёнғин содир бўлган ва 23 та савдо дўкони ёниб кетганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид