20:20 / 09.08.2023
5022

Саудия Арабистонининг Эрондаги элчихонаси етти йилдан кейин қайта очилди 

Дипломатик алоқалар 2016 йилда узилган эди. 

Фото: irna.ir

Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси ёпилганидан 7 йил ўтиб, яна ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда IRNA агентлиги ўз манбасига таяниб хабар берди. 

«ТИВ вакили чоршанба куни Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси 6 август, якшанба куни расман очилганини айтди», дейилади хабарда. 

Июнь ойида Эроннинг Ар-Риёздаги элчихонаси очилган эди. Унда Эроннинг янги элчиси, аввал Қувайтдаги элчихонага раҳбарлик қилган Алиризо Иноятий иштирок этди. 

Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар 2016 йилда Саудия монархиясини танқид қилган нуфузли шиа диншуноси Нимр ан-Нимр Ар-Риёзда қатл этилганидан сўнг сезиларли даражада ёмонлашди. Бунинг ортидан намойишчилар Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонасига бостириб киришди. Бунга жавобан Ар-Риёз Эрон билан дипломатик алоқаларни узган эди. 

Шу йилнинг март ойида Хитой воситачилигида Эрон ва Саудия Арабистони дипломатик муносабатларни тиклашга келишиб олди.

Top