Жаҳон | 08:11 / 10.08.2023
18435
2 дақиқада ўқилади

Эквадорда президентликка номзод ўлдирилди

Эквадор президентлигига номзод Вилявисенсио Китодаги сайловолди учрашувидан сўнг отиб ўлдирилган, давлат раҳбари содир бўлган воқеадан «ғазабда ва ҳайратда қолганини» айтди.

Фото: STR / AFP

Эквадор президентлигига номзод Фернандо Вилявисенсио сайловолди митингидан сўнг ўлдирилди. Унинг ўлимини 10 август, пайшанба куни Эквадор раҳбари Гилермо Лассо тасдиқлади. Президентнинг сўзларига кўра, у «қотилликдан ғазабда ва ҳайратда». Лассо сиёсатчининг рафиқаси ва қизларига ҳамдардлик билдирди ҳамда жиноят жазосиз қолмаслигига ишонтирди. Уюшган жиноятчилик ҳаддан ошиб кетди, қотиллар қонуннинг тўлиқ юкига дучор бўлади, дея қўшимча қилди давлат раҳбари. 

El Universo: учта ўқ билан ўлдирилган 

El Universo газетасига кўра, Вилявисенсио Китодаги сайловолди учрашувидан кейин учта ўқ билан ўлдирилган. Нашр манбаларининг дастлабки маълумотларига кўра, саккиз киши жароҳатланган, улардан етти нафари касалхонага ётқизилган. 

Миллий полиция жиноятчиларни топиш учун операция бошлади, воқеа жойидаги кўчалар тўсиб қўйилган. 

Гилермо Лассо хавфсизлик кабинетининг йиғилиши ҳақида эълон қилди. Унинг айтишича, бутун мамлакатни ларзага солган воқеага муносабат билдириш мақсадида Миллий сайлов кенгаши раҳбари, бош прокурор, Миллий суд раиси ва бошқа давлат идоралари вакилларидан йиғилишда иштирок этишни сўраган. 

20 август куни Эквадорда муддатидан олдин президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтади. Сўнгги сўровларга кўра, ўнг марказчи Вилявисенсио ғалаба учун етарлича овоз тўплай олмас эди. 

Мавзуга оид