Ўзбекистон | 07:46 / 15.08.2023
2127
2 дақиқада ўқилади

Фарғона ва Адана ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин

Фарғона вилояти ҳокимлигида Туркиянинг Адана вилояти Саричам тумани ҳокими Билал Улулағ бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, мулоқот давомида Фарғона ва Адана вилоятлари ўртасида ҳар томонлама ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, Фарғона шаҳри ва Саричам тумани ўртасида савдо-иқтисодий, инвестицион, ижтимоий-маданий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Иқболжон Эргашев вилоятнинг инвестицион, савдо-иқтисодий салоҳияти юзасидан меҳмонларга маълумот бериб, истиқболли ҳамкорлик йўналишларига эътибор қаратди.

Саричам туманида 1600 гектар майдонда 500 га яқин ишлаб чиқариш корхонасини ўзида бирлаштирган Туркиянинг энг йирик саноат зоналаридан бири бўлган Adana Hacı Sabancı бирлаштирилган саноат зонаси жойлашган бўлиб, фарғоналик тадбиркорлар билан қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. 

Инновацион ривожланишда бўлган Саричам ҳудудидаги Чуқурова университети, Фан ва технологиялар университети каби қатор олий таълим муассасалари билан Фарғона вилоятидаги олийгоҳлари ўртасида ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Мулоқот давомида Фарғона ва Адана шаҳарлари ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Фарғона шаҳар ҳокимлиги ва Саричам тумани ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид