Жаҳон | 16:49 / 24.08.2023
12682
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда кўприк қулади. Ўнлаб киши ҳалок бўлди

Ҳиндистон шимоли-шарқида қурилаётган темирйўл кўприги қулаши оқибатида 26 киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши бедарак кетган.

Фото: MIZORAM GOVERNOR

Қурбонлар сонига аниқлик киритилмоқда. Қурилиш компанияси маълумотларига кўра, фожиа вақтида қулаб тушган участкада 40 нафар атрофида ишчи ишлаётган эди.

Ҳодиса Мизор штатининг Сайранг шаҳри яқинида рўй берган.

Воқеа жойида қутқарувчилар ишламоқда, уларга яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолиси ёрдам кўрсатмоқда.

Кўприк қулаши сабаблари ҳозирча маълум эмас. Давлат темирйўл бошқармаси ҳодисани текширишни бошлаган.

«Жабрланганларга мумкин бўлган барча ёрдамлар кўрсатилмоқда», — дейилади Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг идораси баёнотида.

Ҳукумат қурбонларнинг оилаларига 200 минг рупийдан (2400 доллар) товон пули тўламоқчи.

Ҳиндистондаги кўприкларда авариялар рўй бериши камёб ҳолат эмас.

2022 йил октябрида мамлакат ғарбидаги Гужарот штатида пиёдалар осма кўприги қулаб тушиши оқибатида 140 дан ортиқ киши ҳалок бўлганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид