Ўзбекистон | 19:53 / 30.08.2023
20419
13 дақиқада ўқилади

Тошкент жамоат транспорти янги ўқув йилига тайёрми?

Бу йилги ўқув мавсумида пойтахтга янада кўпроқ талабалар келиши кутилмоқда. Шундоғам тирбандликларни “бошидан ўтказиб турган” Тошкент кўчаларида жамоат транспортининг муаммолари ҳанузгача сақланиб қолмоқда. Масъул идораларнинг сансоларлиги яқин муддатга белгиланган чора-тадбирлар ижросини ортга сурмоқда. 

Янги ўқув йили бошланишига оз қолди

4 сентябрдан республикадаги барча таълим муассасалари: боғча, мактаб, олийгоҳлар учун дарс жараёнлари бошланади. Янги ўқув йилида  пойтахтга аввалгидан ҳам кўпроқ талабалар келиши кутилмоқда.

2022 йилнинг май ойидаги маълумотларга кўра, Тошкентда жами 63 та ОТМ мавжуд бўлиб, унда таҳсил олувчилар сони 254 минг 881 нафарни ташкил қилган. Асосий яшаш жойи шаҳарда бўлган талабалар эса 81 минг 666 нафар бўлган. Шундан келиб чиқсак, ўтган йилнинг ўзида бошкентга бошқа ҳудудлардан келиб ўқийдиганлар 173 мингдан зиёдни ташкил этган. Бу йил ҳам катта эҳтимол билан мазкур рақамлар бундан кам бўлмаслиги аниқ.

Қолаверса, Тошкент мактабларида жорий йилда 470 минг нафар ўқувчи таҳсил олиши кутиляпти. Хўш, жамоат транспорти бундай катта юкламага қанчалик тайёр?

Тартибсизлик дарслардан олдин бошланди

Ҳали сентябрь ойи келмади, аммо талабалар учун аллақачон “сюрприз”лар тайёр бўлиб турибди. “Тошшаҳартрансхизмат” берган маълумотларга кўра, пойтахтдаги жами ҳаракат таркиблари сони 1 минг 900 тадан ошган. Шулардан 1 минг 20 таси сиқилган табиий газ (метан)да, 322 таси электрда, 617 таси эса дизел ёқилғисида ишлайди.

Kun.uz’нинг манбасига кўра, “заправка” муаммолари сабаб Тошкент жамоат транспортининг 60 фоизигина йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда, қолган 40 фоизи йўналишларга чиқа олмаяпти. 

Электробусларни қувватлаш билан боғлиқ муаммо

Ҳайдовчилар электробуслар етарлича қувватланмаётгани сабабли автобусларнинг графиги ўзгаргани, йўналишларга чиқа олмаётганини айтишмоқда. Видеомурожаатнинг тўлиқ шакли Kun.uz таҳририятига ҳам келиб тушди. Айтилишича, мурожаат қилувчилар “2-Автобус саройи” филиалига тегишли электробус ҳайдовчилари бўлган.

“Ҳамма ҳайдовчилар эрталаб вақтли 4 - 4 яримдан ишга келдик. Электробусларимизни энди зарядкага қўйдик, соат 7 ярим, 8 бўляпти, биз ҳалиям ишга чиқа олмаяпмиз. Ҳар куни шундай аҳвол. Битта смена ишлаяпти, иккинчиси “заправка” қиляпти. [Ишга чиқиш] соатларимиз “тагига олиб” бўлди ”, – дейди бир ҳайдовчи. 

“Регламент қила олмаяпмиз, соат қила олмаяпмиз, кечаси [электробусларимизни зарядлаш учун] келамиз, эрталабгача турамиз. Вақтли кириб, қилиб берган, қилиб кетяпти. Кеч кираётган графиклар бор, ҳалигача заряд учун навбатда туришибди, эртаси куни эса шериги ишга чиқяпти.

Ишга туш вақтларда ёки 9-10 ларда чиқиб кетсак ҳам 4-5 да рейсда план сўрашяпти, нима қилишимиз керак?” – дейди яна бир электробус бошқарувчиси.

Видео тармоқларда тарқалиб, оз бўлса-да резонансларга сабаб бўлгач, 22 август куни Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раиси Анвар Жўраев ҳайдовчилар билан учрашган ва техник носозлик сабаб шундай муаммолар юзага келаётганини, тезкорлик билан ҳал қилинишини ваъда қилганди. Аммо Kun.uz’нинг “автобус саройи” филиалидаги манбасига кўра, зарядлашдаги носозликлар бартараф этилганича йўқ.

Зарядлаш муаммоси узоқ давом этиши мумкин

“Тошшаҳартрансхизмат”нинг маълум қилишича, Тошкентда 322 та электробус мавжуд бўлиб, уларни зарядлаш учун жойларга 150 дона қувватлаш ускуналари ўрнатилган. Булар автобус саройлари кесимида қуйидагича:

  • 1-Автобус саройида 17 дона,
  • 4-Автобус саройида 22 дона,
  • 5-Автобус саройида 20 дона,
  • 7-Автобус саройида 28 дона,
  • 8-Автобус саройида 25 дона,
  • 12-Автобус саройида 18 дона,
  • 18-Автобус саройида 20 дона.

Бу қувватлаш ускуналари бир вақтнинг ўзида 2 та электробусни қувватлаш имкониятига эга. Kun.uz мухбири вазиятни ичидан ўрганиш учун автобус ҳайдовчилари билан боғланди. Уларнинг айтишича, Тошкентда 8 та автобус саройи филиаллари мавжуд бўлса, шунинг атиги 3 тасида: 1-, 7- ва 8- автобус саройларидагина қувватловчи қурилмалар ишламоқда, холос. Қолгани эса электр токи узатувчи марказий тармоққа уланмаган, шу сабаб вақтинча ёпилган.

Ҳақиқатан ҳам шундай ёки аксилигини билиш учун дастлаб 4-, кейин эса 7- aвтобус саройларига бориб кўрдик. “4-автобуссаройи” филиалига киришнинг имкони бўлмади, аниқроғи бунга йўл қўйишмади. Шу сабаб фақатгина ўша ердаги ҳайдовчилар билан гаплашишга муваффақ бўлдик. Суҳбат давомида ходимлар электр билан қувватлайдиган зарядлар ишга туширилмаганини тасдиқлашди. Шу сабаб айнан бу филиалдаги электробуслар 7-автобус саройидан қувватлантирилаётгани айтилди.

Сўнг, “7-автобус саройи” филиалига бориб, қурилмалар ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Қайд этилишича, мазкур жойда жами 28 дона зарядловчи ускунлар мавжуд бўлиб, улар 56 та электробусни қувватлантира олади. “7-автобус саройи” филиали муҳандиси Азизжон Файзуллаевнинг айтишича, ҳозирда 3 та эмас, 4 та автопаркда электр зарядловчи қурилмалар ишламоқда, қолгани ишга тушириш арафасида. Аммо қачон ундан фойдаланиш мумкинлиги аниқ эмас.

Демак, юқорида тасдиқланганидек, баъзи автобус саройларида зарядловчи қурилмалардан фойдаланишнинг иложи йўқ, чунки улар электр тармоғига уланмаган.

“Ҳудудий электр тармоқлари” ҳам буни тасдиқлади, аммо уларнинг сони аниқ қанча экани очиқланмади. АЖ матбуот котибига кўра, электр етиб бормаганлари анча кўп. Ҳозирча сентябрь бошида қурилмаларнинг 2 тасини тармоққа улаш режа қилинмоқда.

Нима сабаб бунча кеч, янги ўқув йили олди бу ишлар амалга оширилаётгани қизиқ. Ваҳоланки, май ойида автобус саройлари ҳудудида қурилаётган 80 та электр қувватлаш станциялари фойдаланишга топширилиши ваъда қилинганди.

Иккита метро бекати ёпилди

Тошкент жамоат транспорти соҳаси электробуслар билан боғлиқ муаммоларга ўралашиб турган бир вақтда, метронинг Юнусобод йўналишидаги икки (“Туркистон” ҳамда “Юнусобод”) бекат 4 ойга профилактик ишлар учун ёпилди.

Бу борада журналист ва блогер Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам ўз хавотирларини билдирган. Унинг айтишича, бундай профилактик ишларнинг давомийлиги 4 ойдан ошиши мумкин.

“Юнусободда метросозликдан бехабар темирйўлчилар қурган метронинг тўрт ой давом этиши ваъда қилинган, лекин ҳали бу муддатдан камида икки марта кечикадиган “олдиндан режалаштирилган профилактика ишлари” доирасидаги бузишлар бошланибди. Иш икки йил чўкиб ётгач, яқинда таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилган Аҳмад Дониш кўчасининг охирини бузишдан бошланибди. Ниҳоятда гўзал!” – дейди у.

Табиий газ учун йирик навбатлар ҳосил бўлди

Пойтахтда йўловчиларга электр токидан ташқари, табиий газда ҳаракатланувчи 12 метрли оддий ҳамда 18 метрли “гармошка” автобуслари ҳам хизмат қилади. Шу кунларда “заправка”ларда юзага келган йирик навбатлар сабаб бу турдаги жамоат транспорти ҳам йўналишларга чиқа олмаяпти, аҳолига хизмат қилолмаяпти.

24 август куни Х (собиқ Тwitter) ижтимоий тармоғида саҳар бўлиб, иш бошланганига қарамай, табиий газда ишлайдиган кўплаб автобуслар навбатда тургани акс этган видеолар тарқалди.

Айрим манбалар буни газ бериш “лимити” тугаб қолгани билан боғласа, баъзи манбалар ташкилотларнинг газга тўлов қилмагани сабаб автобуслар навбатда қолиб кетганини айтишмоқда. Ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” расмий изоҳ берди. Унга кўра,

айрим ёқилғи қуйиш шохобчалари ёпилганлиги сабаб АЖ тасарруфидаги автобуслар бошқа ёқилғи қуйиш шохобчаларига юборилган. Бу эса шохобчаларда навбатлар пайдо бўлишига олиб келган.

“Мазкур масалани ҳал этиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ иштирокида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, пойтахтдаги мавжуд ёқилғи қуйиш шохобчаларида автобуслар учун қўшимча ёқилғи қуйиш станциялари ажратилганлигини ҳамда табиий газда ҳаракатланадиган автобусларнинг узлуксиз ишлаши бўйича барча чора-тадбирлар кўрилаётганлигини маълум қиламиз” – дейилади изоҳда.

Ислоҳотлар ярим йўлда қолдими?

Сўнгги вақтларда жамоат транспортига бўлган эътибор, мингта автобусларнинг олиб келиниши жуда хурсанд қилганди. Чунки “соғлом шаҳар”ларни қуриш аввало пиёда, жамоат транспортига устуворлик беришдан бошланади. Аммо қилинаётган ислоҳотлар охирига етказилмай, ўлда-жўлда бўлиб қолиб кетгани соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилиши аниқ.

2022 йил декабрь ойида Тошкентнинг 4 та кўчаси: Алишер Навоий, Беруний, Амир Темур ва Фарғона йўли каби марказий кўчаларида автобуслар учун махсус йўлаклар барпо қилинди. Маълумотларга кўра, ҳозирда пойтахтдаги 14 та кўчада махсус йўлаклар ташкил қилинган. Уларнинг жами узунлиги 42,77 км.

Автобус учун махсус йўлак ажратилган кўчалар:

  • Аmir Темур кўчаси – 6,15 км;
  • Рихсли кўчаси – 1,5 km;
  • Янги Юнусобод кўчаси – 2,44 км;
  • Юзиробод кўчаси – 1,59 км;
  • Феруза кўчаси – 1,75 км;
  • Мирзо Улуғбек кўчаси (Махтумқули кўчасидан Буюк ипак йўли кўчасига, Темур Малик кўчасидан Феруза кўчасигача) – 3,62 км;
  • Фарғона йўли кўчаси – 6,4 км;
  • Фурқат кўчаси (И.Каримов кўчасидан Сеул кўчасигача) – 1,2 км;
  • Бобур кўчаси (Ш.Руставели кўчасидан Сеул кўчасигача) – 1,9 км;
  • Фарход кўчаси (КХАЙ дан Саккокий кўчасигача) – 2,6 км;
  • КХАЙ кўчаси (Шота Руставели кўчасидан Фарход кўчасигача) – 3,27 км;
  • Навоий кўчаси (Лабзак кўчасидан Самарқанд Дорвоза кўчасигача) – 3,8 км;
  • Беруний кўчаси – 3,85 км;
  • Бектемир шохкўчаси (Бектемир ЙПХ масканидан 4Р21 айланма йўлигача) – 2,7 км;

Автобуслар учун алоҳида йўлак барпо қилиш билангина жамоат транспортига устуворлик берилишини таъминлаб бўлмайди. Бунда оддий автомобилларнинг бу йўлакдан фойдаланмаслигини кафолатлайдиган назорат қилувчи механизм тўлиқ ишлаши, BRT (bus rapid transit – тезкор автобуслар тизими – таҳр.) бўлиши лозим. Жараёнда бекатларни мослаштириш, пиёдалар ўтиши учун алоҳида кўприклар ёки ерости ўтиш йўлагини қуриш ҳам талаб этилади. Ақлли чорраҳалар қурилиши лозим. Аммо неча муддатки, Ўзбекистонда бу борада лойиҳа ишланаётгани айтилади, бироқ амалда унинг ҳатто дастлабки кўриниши жамоатчиликка очиқлангани йўқ

Алоҳида йўлакларда жамоат транспортига устуворлик берилмагани оқибатида сўнгги вақтларда автобуслар иштирокида ЙТҲлар сони ошганини ҳам қайд этиш лозим. Рақамларга кўра, охирги 7 ойда Тошкентда “Тошшаҳартрансхизмат”га қарашли автобуслар иштирокида 85 та транспорт ҳодисаси кузатилган. Воқеада 98 нафар одам тан жароҳат олган.

Автобуслар янги ўқув йилига қанчалик тайёр?

Ҳозирги кунда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибидаги 8 та автобус саройлари томонидан 158 та автобус йўналишларида хизмат кўрсатилмоқда. Қайд этилишича, режа бўйича кунлик ишга чиқариладиган автобуслар сони 1 минг 464 та, бажариладиган қатновлар сони 21,7 мингтани ташкил этади.

Шу ўринда савол туғилади, йўлларда нима сабаб жами мавжуд қувватдан камроқ автобуслар ишламоқда? Захира дейилган тақдирда ҳам, ҳозирги тирбанд вақтларда 500 тадан кўп автобуснинг олиб қолиниши қанчалик тўғри?! Бу саволимизга жавоб бўлмади.

Қайд этилишича, 4 сентябрдан ўқув мавсуми бошланиши муносабати билан 1 минг 464 та автобуслар сонини 1 минг 550 тагача (шунда ҳам 1 минг 900га яқин келмайди), бажариладиган қатновлар сонини 21,7 мингтадан 22,8 мингтага ошириш режалаштирилмоқда. Сентябрь ойи давомида қўшимча яна 9 та янги автобус йўналишларини ташкил қилиш ҳам айтилди. Аммо йўналишларга мавжуд қувватдан кам ҳаракат таркиблари чиқариларкан, автобусларнинг ёқилғиси, заряди билан боғлиқ муаммолар бор экан, ўқув йилида кутилаётган катта юкламани бартараф этиш қийин кечади.

Метро-чи?

Ёз мавсуми бўлгани сабаб Тошкент метрополитенида кунига 340-360 мингга яқин йўловчиларга хизмат кўрсатилмоқда. Метрополитен хизматига кўра, сентябрь ойидан йўловчилар сони 580-600 минг нафарга, октябрь ойидан бошлаб 620-630 мингга етиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳозирги юкламадан 2 баробарга кўпроқ дегани.

Юкламанинг олдини олиш учун метрополитен поездлар ҳаракати оралиғидаги вақт қисқартирилишини маълум қилди. Қайд этилишича, “тиғиз вақт”ларда Чилонзор йўналишларида 1,5-2 дақиқалик, Ўзбекистон йўналишида 3-3,5 дақиқалик, Юнусобод йўналишида 5 дақиқалик, ҳалқа йўли йўналишида эса 7-8 дақиқалик вақт интервалларида поездлар ҳаракати йўлга қўйилади.

Шунингдек, метро бекатларига яқин ҳудудларда жойлашган 31 та олий таълим муассасаларидаги дарсларнинг бошланиш вақтлари 8:00 дан 9:30 гача этиб белгиланди.

Умуман олганда, транспорт вазири-ю пойтахт ҳокимининг жамоат транспортидаги муаммоларни қай даражада ҳал эта олганига ўқув йилининг илк кунларида баҳо берамиз.

Мавзуга оид