Жаҳон | 12:02 / 01.09.2023
5070
2 дақиқада ўқилади

Боррел: Европа Иттифоқи йил охиригача 40 минг украиналик аскарни тайёрлайди

Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Украина Қуролли кучлари бўйича Европа миссиясини кенгайтириш режаларини қўллаб-қувватламоқда, деди Жозеп Боррел. Шу пайтгача у 30 минг украиналик аскарни тайёрлаши керак эди, бу мақсадга октябр ойида эришилади.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Украина Қуролли кучлари (УҚК) ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш бўйича Европа миссиясини кенгайтириш режаларини қўллаб-қувватламоқда. Вазирлар янги мақсад – 40 минг украиналик аскарни тайёрлаш бўйича ташаббусни маъқуллади, деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 31 август, пайшанба куни кечқурун Испаниянинг Толедо шаҳрида Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари билан маслаҳатлашувлардан сўнг. 

Сўнгги маълумотларга кўра, жорий мақсад - Украина Қуролли кучларининг 30 минг аскарини тайёрлаш - октябр ойи охирида амалга оширилади. Украина Қуролли кучлари учун инструкторлар миссиясини яратиш тўғрисидаги қарор Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари томонидан 2022 йил ноябрида қабул қилинган. Дастлаб Германия, Полша ва бошқа қатор Европа давлатларида 15 минггача украиналик аскарни тайёрлашни режалаштирилган эди. Кейинчалик, чегара 30 минг аскарга кўтарилди. 

Европа Иттифоқи унинг ҳиссаси Украина қўшинларига ҳарбий ҳаракатларда ўзини самаралироқ ҳимоя қилиш имконини беради, деб кутмоқда. 

Бундесвердаги машғулотлар 

Бундесвер Украина аскарларига Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, Panzerhaubitze 2000 артиллерия мосламаси, Marder зирҳли машинаси ҳамда Leopard-1 ва Leopard-2 танкларини бошқаришга ўргатмоқда. Германия армияси, шунингдек, ҳарбий қўмондонлик ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича маслаҳат беради.

Бундесвер маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи миссиясида ўртача 1500 нафар немис аскари қатнашган. Улар инструктор, таржимон ва таъминотчи сифатида жалб қилинган. 

Мавзуга оид