Жаҳон | 19:10 / 01.09.2023
10386
2 дақиқада ўқилади

Politico: Украина сентябр ойида Abrams танкларининг илк партиясини олади

Биринчи партия 10 та танкдан иборат бўлади.

Sergey Bobok/AFP/Getty Images

Американинг Abrams танклари Украинага сентябр ойи ўрталарида етиб келади. Бу ҳақда Politico нашри АҚШ мудофаа вазирлигига яқин бўлган манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Нашрнинг шахсини сир сақлашни сўраган суҳбатдошлари сўзларига кўра, биринчи партия 10 та танкдан иборат бўлади. Айни вақтда Германияда турган танклар техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш жараёнидан ўтмоқда, бу жараён якунланиши билан зирҳли техникалар Украинага юборилади.

АҚШ Украинага жами 31 та Abrams танкларини бериши режа қилинган. Иттифоқчилар ваъда қилинган зирҳли техникаларнинг барчасини 2023 йил кузи охирига қадар Украинага етказиши кутилмоқда.

АҚШда Украинага Abrams танкларини бериш масаласида дастлабки гаплар январ ойида чиққанди. Май ойида Германияда украин ҳарбийларини мазкур танкларни бошқаришга ўргатиш бошланди. Август ойида АҚШ ҳукумати ушбу зирҳли техникаларни Украинага етказиб бериш ҳақида расман эълон қилди.

Украин ҳарбийлари жангларда аллақачон бошқа замонавий танклар — германияликлар томонидан ишлаб чиқилган ва тайёрланган Leopard танкларидан фойдаланмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид