Жаҳон | 08:29 / 04.09.2023
8256
2 дақиқада ўқилади

Санду: Молдова «Газпром»дан 800 млн доллар қарз экани тасдиқланмади

Майя Санду аудиторлик компаниясининг хулосаларини эълон қилди. 2021 йилда «Молдовагаз» қарзни тўлаш шартига кўра «Газпром» билан янги шартнома тузди. Россия унинг қарзини 709 миллион долларга, Молдова эса 590,8 миллион долларга баҳолаган.

Фото: Veniamin Demidetki/TASS/dpa/picture alliance

Молдова ҳукумати ёллаган халқаро аудит компанияси республиканинг «Газпром» компанияси олдидаги 800 миллион долларлик газ бўйича қарзини аниқламади, дея маълум қилди президент Майя Санду 3 сентябр, якшанба куни Гагаузия «Аёллар уюшмаси» вакиллари билан учрашувда. 

«Кейинги ҳафта ҳукуматимиз чиқиб, биз халқаро компанияни ёллаганимизни айтади, у аудит ўтказди ва бизнинг «Газпром» олдида 800 миллион доллар қарзимиз йўқлигини билдирди. Россия музокарачилари алдамоқчи бўлган», — дея Санда сўзларини келтирган Молдова ОАВ. 

Унинг сўзларига кўра, Россия компанияси янги шартнома имзолашдан олдин тўрт йил ичида 800 миллион доллар қарзни тўлаш шартини илгари сурган. «Биз имзолай олмаймиз, дедик, чунки бу жуда катта пул. Бизга: «Сизга газ берилмайди», дейишди», - деди президент. 

Молдованинг «Газпром» олдидаги қарзи 

2021 йилда «Молдовагаз»компанияси Россиядан 2026 йилгача қарзни тўлаш шарти билан газ етказиб бериш бўйича шартномани қайта кўриб чиқди. «Газпром» унинг миқдори 709 миллион доллар эканлигини даъво қилди. Молдова Ҳисоб палатаси қарз 590,8 миллион долларни ташкил этганини билдирди. 800 миллион доллар миқдори илгари айтилмаган, деб ёзади «Коммерсант».

«Молдавские ведомости» нашрининг ёзишича, мамлакат ҳукумати топшириғи билан Норвегия ва Буюк Британиядан келган аудиторлар республиканинг 30 йиллик қарзини баҳолаши керак эди. Июл ойида Молдова энергетика вазири Виктор Парликов «Молдовагаз» қарзининг ташқи аудити ҳақидаги ҳисобот яқин вақт ичида «Газпром»га юборилишини айтган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид