10:16 / 07.09.2023
4750

Самарқандда Ўзбекистондаги биринчи туризм маҳалласи очилди

Янги туризм маҳалласи ҳудудида 15 та дам олиш маскани мавжуд бўлиб, сайёҳлар учун йўл кўрсаткичлари, стелла ва боғ харитаси ўрнатилган. 

Фото: uzbektourism.uz

Ўзбекистонда биринчи марта Самарқанд шаҳрида туризм маҳалласи очилди – у ердаги «Боғи баланд» маҳалласига «туризм маҳалласи» мақоми берилди.

Самарқанддаги тадбирда нутқ сўзлаган Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев янги туризм маҳалласи маҳаллий ва хорижлик туристлар сонини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

«Мазкур «туризм маҳалласи»ни ташкил этиш орқали Самарқанд вилоятининг экологик муҳити янада яхшиланади, – деди Умид Шодиев. – Шунингдек, маҳалла аҳоли учун янги дам олиш маскани ҳисобланади. Қолаверса, қўшимча иш ўринлари ҳам яратилди».

Янги туризм маҳалласи ҳудудида 15 та дам олиш маскани мавжуд бўлиб, сайёҳлар учун йўл кўрсаткичлари, стелла ва боғ харитаси ўрнатилган. Шунингдек, ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахтлар, гул кўчатлари экилган.

Туризм маҳалласида анжир ва анжир маҳсулотларидан тайёрланган ширинликлар, қуритилган ва консерваланган маҳсулотлар савдоси, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ва савдоси ташкил этилди.

Бундан ташқари, туризм ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилиб, туристлар учун зарурий барча маълумотлар жойлаштирилди.

Самарқанддаги «Боғи баланд» Соҳибқирон Амир Темур асос солган ва бугунгача сақланиб қолган машҳур боғлардан биридир. Айни дамда боғ ҳудудидаги авлоддан-авлодга ўтиб келаётган 40 гектарлик боғда 10 мингдан ортиқ сариқ ва қора анжир дарахтлари етиштирилади. Мевалар экологик жиҳатдан тоза, чунки уларни етиштиришда кимёвий моддалар ва дориворлардан фойдаланилмайди.

Top