07:41 / 09.09.2023
12538

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида янги ҳукуматлараро битимлар тайёрланяпти

Инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва икки томонлама солиққа тортишдан сақланиш бўйича ҳукуматлараро битимларни тайёрлаш юзасидан музокаралар жараёни бошланади.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов АҚШга ташрифи доирасида АҚШ савдо вазирининг ўринбосари, АҚШ савдо вакилининг ўринбосари, Жаҳон банки вице-президенти билан учрашди, шунингдек, Американинг йирик компаниялари раҳбарияти билан музокаралар олиб борди.

Учрашувлар чоғида Ўзбекистон учун GSP дастурининг бенефициар мақомини қайта тиклаш, мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ 7-йиғилишини ташкил қилиш, икки томонлама савдо муносабатларида тўсиқларни бартараф этишга мўлжалланган қўшма маслаҳат платформасини яратиш доирасида ҳамкорликни фаоллаштиришга ҳамда инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва икки томонлама солиққа тортишдан сақланиш бўйича ҳукуматлараро битимларни тайёрлаш юзасидан музокаралар жараёнини бошлашга келишилди.

Шунингдек, «яшил масалалар кун тартиби», «инсон капиталини ривожлантириш», хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, иқтисодиётда давлат ролини камайтириш, хусусийлаштириш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш режалаштирилди.

Америка кийим-кечак ва пойабзал ассоциацияси, Starlink, Medtronic, Colourizd, Pfizer, B2Gold, Morgan Stanley, Akin Gump, Cerberus Frontier ва бошқа йирик компаниялар раҳбарияти билан ҳам музокаралар олиб борилди.

Банклар, кимё корхоналари ва уяли алоқа компанияларини хусусийлаштириш, инновацион вакциналар ишлаб чиқариш, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, Ўзбекистон тўқимачилик саноатига илғор технологиялар ва дастурий таъминотни жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида тўғридан тўғри АҚШ инвестицияларини жалб қилиш масалалари келишиб олинди.

Top