Жамият | 18:02 / 18.09.2023
34717
2 дақиқада ўқилади

Юрак ва иммунитет учун — қизил лавлагининг фойда ва зарарлари ҳақида

Қизил лавлаги ўзининг ранги ва таъми билан кўпчиликка яхши таниш. Ундан ошхонада турли таомлар тайёрлашда фойдаланилади. Бошқа сабзавотларда бўлгани каби қизил лавлагининг ҳам соғлиқ учун фойдали, шу билан бирга зарарли томонлари ҳам бор. Қуйида шу ҳақида маълумотлар келтирилади.

Фото: AP

Лавлагининг фойдалари

Витамин ва минералларга бойлиги. Қизил лавлаги C, А витаминлари, фолат кислотаси (B9 витамини) ва калий моддасига бой. Ушбу моддалар саломатликни сақлаб туришда муҳим рол ўйнайди.

Юрак саломатлигига ёрдам беради. Лавлаги таркибида нитрат кислотаси мавжуд, у эса қон босимини пасайтиришда фойдали. Қон айланишини яхшилашга кўмак беради. 

Антиоксидловчи ҳимоя. Лавлаги таркибида антиоксидантлар, жумладан, бета-каротин ва флавоноидлар мавжуд бўлиб, улар танадаги ҳужайраларни кимёвий радикаллар таъсири натижасида юзага келадиган зарарлардан ҳимоя қилади. 

Овқат ҳазмида кўмак беради. Лавлагидаги клетчаткалар овқат ҳазм қилиш ва ич қотишнинг олдини олиш, ундан халос бўлишда фойдалидир. 

Жисмоний чидамлиликни оширади. Ўта фаол одамлар, спортчилар учун лавлаги таркибидаги нитратлар жуда фойдали бўлиб, жисмоний чидамлиликни оширишда жуда қўл келади. 

Лавлагининг зарарлари

Буйракларга ножўя таъсир этиши мумкин. Лавлаги таркибидаги оксалатлар буйракда тош йиғилишига сабабчи бўлиши мумкин. 

Одам сийдиги ва ахлати рангини ўзгартиради. Лавлагидан кўп миқдорда истеъмол қилиш уларнинг рангини пушти ёки қизил рангга ўзгартиради. Бироқ бу табиий жараён, ундан хавотир олмаса ҳам бўлади.

Аллергик реакция хавфи. Баъзи одамларнинг лавлагига аллергияси бўлиши мумкин. Агар у истеъмол қилинса, одам танасида қичиш, терида тошмалар ҳатто анапилактик шок каби аллергик реакцияларни бошдан ўтказиши мумкин.

Таркибида шакар мавжудлиги. Қизил лавлаги таркибида ҳам шакар мавжуд. Қандли диабет билан оғриган кишилар эса ўз-ўзидан лавлаги меъёрини ошириб юбормаслиги керак бўлади. 

Лавлаги фойдали сабзавот, ундан таомномани хилма-хил қилишда бемалол фойдаланиш мумкин. Бироқ бошқа сабзавотларда бўлгани меъёрни унутмаслик лозим. 

Мавзуга оид