Ўзбекистон | 19:18 / 22.09.2023
41776
2 дақиқада ўқилади

Президент Чуст туманидаги ҳолат юзасидан муносабат билдирди

Шавкат Мирзиёев болалар соғлиғи билан боғлиқ нохуш ҳолатдан қаттиқ хавотир билдириб, улар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Чуст туманида ўнлаб болаларда заҳарланиш қайд этилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг Чуст туманида юз берган болалар соғлиғи билан боғлиқ нохуш ҳолатдан қаттиқ ташвишда, улар тез фурсатда соғайиб кетишини тилайди.

Давлат раҳбари бу борадаги вазият тўғрисида ахборотни мунтазам олиб бормоқда. Вилоят ҳокими ва масъулларга масалани алоҳида назоратга олиш, сабабларини аниқлаш ва тегишли таклифлар киритиш бўйича топшириқлар берилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

21 сентябр куни Наманган вилояти Чуст туманидаги боғчанинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилгани хабар берилган эди. Жами 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.

22 сентябр куни бундай ҳолатлар бошқа туманлар ва Андижон вилоятида ҳам кузатилаётгани тўғрисида хабарлар кела бошлади. Кун охирига келиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар саломатлиги ёмонлашишига сабаб қилиб кўрсатилаётган калий йод препарати истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунга қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берди. 

Мавзуга оид