Ўзбекистон | 07:58 / 22.09.2023
2676
2 дақиқада ўқилади

Хитой Фарғонада қиймати 1,37 млрд долларлик лойиҳаларни амалга оширади

Мамлакатнинг 12 та компанияси билан жами 32 та келишув амалга оширилади. Лойиҳалар қаторида вилоятда электробуслар, мисдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, мебелсозлик ҳамда рақамлаштириш кабилар бор.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Хайрулла Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг Хитойга амалий ташрифи давомида жами 32 та, шундан умумий қиймати 1,37 млрд доллар бўлган 29 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари имзоланди.

China Power International, CAMC Engineering Co., Shaanxi Xiangsheng Industrial Group, China Huadian Engineering Company билан Бешариқ ва Фарғона туманларида фотоэлектрик станциялар қуриш учун умумий қиймати 1,0 млрд доллар бўлган 4 та лойиҳа бўйича ҳужжат имзоланди.

Саноат соҳасида мисдан тайёр маҳсулот, қишлоқ хўжалиги техникаси, болалар тагликлари, кафель, керамогранит, темир профиллар ишлаб чиқариш каби йўналишларда умумий қиймати 112 млн доллар бўлган 7 та лойиҳа доирасида келишувлар имзоланди. 

Чарм-пойабзал ва мебелсозлик бўйича умумий қиймати 26 млн доллар бўлган 7 та, шу жумладан, Фошан шаҳар мебелчилар уюшмасига аъзо корхоналар томонидан Тошлоқ туманида лойиҳа қиймати 10 млн доллар бўлган мебел ишлаб чиқариш корхонаси ва шоу-рум қуриш бўйича ҳужжатлар имзоланди.

DongFeng Special Car Сompany билан имзоланган келишув бўйича Фурқат туманида 2 босқичда йиллик қуввати 1000 дона, қиймати 100 млн долларлик электробуслар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. 

Ташриф давомида келишувга эришилган 12 та компания раҳбариятининг жорий йил сентябр-октябр ойларида Фарғона шаҳрига етиб бориши режалаштирилди.

Мавзуга оид