Жаҳон | 09:02 / 23.09.2023
4260
3 дақиқада ўқилади

Канада Россияга қарши санкцияларни кенгайтирди

Канада Россия Федерациясига нисбатан санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Унга 21 та янги юридик шахс, жумладан, Россия география жамияти, Олий иқтисодиёт мактаби, МГИМО, «Юнармия», Валдай клуби, «Комсомолская правда» ва «Взгляд» газеталари ҳамда 42 нафар янги жисмоний шахслар киритилди.

Фото: Reuters

Канада Россия Федерациясига нисбатан санкциялар рўйхатини 42 жисмоний ва 21 юридик шахс ҳисобига кенгайтирди. Уларга нисбатан жазо чоралари 20 сентябрдан кучга кирди, бироқ Канада Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида хабар Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ушбу мамлакатга ташрифи куни, 22 сентябр, жума куни эълон қилинди. 

Санкция остига тушган юридик шахслар орасида, хусусан, Олий иқтисодиёт мактаби, Россия Стратегик тадқиқотлар институти, Россия география жамияти, МГИМО, «Юнармия», «Движение первых», Валдай клуби, «Комсомолская правда» ва «Взгляд» газеталари бор. Шунингдек, Канаданинг санкциялар рўйхатида Ковров механика заводи ва Владимирда жойлашган «Точмаш ВПО» бор - бу корхоналар, жумладан, уранни бойитиш учун центрифугалар ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва баҳорда Россия ядро саноатига қарши АҚШ санкцияларига дучор бўлган.

Жазо чораларига дучор бўлган жисмоний шахслар орасида Доғистон Республикасининг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Марина Ежова, ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» раҳбарининг болалар ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Элеонора Федоренко ва Ханти-Мансийск округида болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Людмила Низамова ҳам бор. 

Зеленский Канадага расмий ташриф билан борди

Украина президенти 22 сентябр куни расмий ташриф билан Канадага борди. Бу Украинага уруши бошланганидан бери Володимир Зеленскийнинг ушбу мамлакатга биринчи ташрифидир. Канада пойтахти Оттавада Украина раҳбари Канада бош вазири Жастин Трюдо билан музокаралар ўтказди ва парламентда нутқ сўзлаб, Канадага «минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга имкон берган» ёрдами учун миннатдорчилик билдирди. 

Ўз навбатида, Трюдо ўз мамлакати Украина учун зирҳли техникалар, жумладан, тиббий эвакуаторлар («медэваклар») ишлаб чиқариш учун уч йил давомида қўшимча 650 миллион Канада доллари (тахминан 482 миллион АҚШ доллари) ажратишини, шунингдек, украиналик учувчилар ва техникларни F-16 қирувчиларига ўргатиш учун инструкторлар билан таъминлашини маълум қилди, бу - «украиналиклар совға қилинган самолётлардан максимал даражада фойдаланиши учун керак». 

Кейинроқ Украина президенти Канада иқтисодиёти ва Украина жамоатчилиги вакиллари билан учрашиш учун Торонтога йўл олди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид