Жаҳон | 10:35 / 28.09.2023
5886
3 дақиқада ўқилади

Озарбойжон: аксилтеррор тадбирлари халқаро ҳуқуқ асосида амалга оширилди

Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарига жавоб қайтарди.

Озарбойжон томонидан ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни тиклаш бўйича кўрилган барча қадамлар, жумладан, 24 соат давом этган сўнгги аксилтеррор тадбири халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларига тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилди.

Бу ҳақда Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ойхон Ҳожизоданинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Туркнинг минтақадаги мавжуд вазият ва этник озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбуриятлари ҳақидаги баёнотига жавобида айтилади.

Дипломатнинг таъкидлашича, Озарбойжон кўрилаётган чора-тадбирлар доирасида тинч аҳоли ва фуқаролик объектларини ҳимоя қилишга доимо содиқ қолади. 

Ҳожизоданинг эслатишича, қарийб 30 йиллик арман ҳарбий босқинида озарлар таъқибларга учраган ва уларнинг ҳуқуқлари топталган бўлса-да, Озарбойжон ўз ҳудудидаги барча этник озчиликлар, жумладан арманлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарафдори бўлиб келган. Бу ҳақда Озарбойжон раҳбарияти бир неча бор таъкидлаган. 

«Афсуски, бир миллионга яқин озарбойжонлик қочқинлар ва ички кўчирилганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг муносиб ва   хавфсиз қайтиш ҳуқуқини таъминлаш учун ҳозирча ҳеч ким чақириқ билан чиққани йўқ. Озарбойжон 44 кунлик урушдан сўнг, аксилтеррор тадбирларини кўрганидан сўнг бедарак йўқолганларни қидиришда ёрдам берди, бироқ биз 4000 га яқин бедарак йўқолган озарбойжонликка нисбатан бир хил эътиборни кўрмаяпмиз», — деди у. 

Ҳожизода Олий комиссарнинг жабрланувчилар ҳуқуқларини поймол қилган шахсларни жавобгарликка тортиш ва жазолаш учун шаффоф тергов ўтказиш ҳақидаги чақириқлари Озарбойжоннинг Ходжали геноциди учун жавобгарларни жазолаш ҳақидаги чақириқларига қарийб 30 йил давомида эътибор бермай келаётган халқаро ҳамжамият томонидан жиддий қабул қилинишига туртки беради, дея умид билдирди.

«Биз, шунингдек, Арманистон БМТ вакилининг чақириғига биноан, ушбу мамлакат ҳудудидан оммавий равишда чиқариб юборилган озарбойжонликларнинг ҳуқуқларини инкор этмайди, мулоқот учун шароит яратади ва уларнинг ўз уйларига қайтиш ҳуқуқларини таъминлайди, деб умид қиламиз», деб таъкидлади матбуот котиби. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид