Жаҳон | 08:53 / 02.10.2023
8343
2 дақиқада ўқилади

Нидерландияда Европадаги энг йирик газ кони ёпилди

Гронингенда газ қазиб олиш мунтазам равишда зилзилаларни келтириб чиқарди, шу сабабли мамлакат ҳукумати узоқ вақтдан бери конни ёпишни режалаштирганди.

Фото: AP /Peter Dejong

Нидерландия Гронинген провинциясидаги Европанинг энг йирик газ конида қазиб олишни тўхтатди, деб хабар қилди мамлакат расмийлари 1 октябр, якшанба куни. Ишлаб чиқариш тўхтатилганига қарамай, 1960-йилларда очилган кондаги ўн битта қудуқ «қаттиқ қиш» шароитида яна бир йил очиқ қолади.

«Ноаниқ халқаро вазият туфайли» бу ерда газ қазиб олиш яна бир йил давомида «жуда истисно ҳолатларда» мумкин бўлади, дея тушунтирди ҳукумат «жуда қаттиқ совуқ» ёки газ тақчиллиги каби жиҳатларни назарда тутиб. 2024 йил октябр ойига қадар охирги ўн битта қудуқ «бутунлай ёпилади».

Сўнгги йилларда Гронингенда газ қазиб олиш доимий равишда пасайиб бормоқда. 2021 йилда кондан атиги 4,5 миллиард куб метр газ қазиб олинди. Ўтган йилларда 20 миллиард куб метрдан ортиқ олинган. Расмийлар конни ўтган йили ёпишни режалаштирган эди, бироқ Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари ва Европада юзага келган энергетика инқирози туфайли бу ҳаракатни кейинга қолдирди.

Газ қазиб олиш зилзилаларни келтириб чиқарди

Конни ёпиш тўғрисидаги қарор минтақада мунтазам рўй бераётган зилзилалар туфайли қабул қилинган, уларнинг сабаби газ қазиб олиш билан боғлиқ. 2013 йилда кондан гап қазиб олиш ҳажми қарийб 54 миллиард куб метргача оширилди, аммо бир йил аввал Гронинген минтақа тарихидаги энг кучли зилзиладан азият чекканди. 

2018 йилдаги яна бир кучли зилзиладан сўнг ҳукумат барча қазиб олиш жараёнини тўхтатишга қарор қилди. Умуман олганда, Гронингенда газ қазиб чиқариш 1986 йилдан бери 1600 га яқин зилзилаларни келтириб чиқарди. Ўн минглаб бинолар вайрон бўлган, юз мингга яқин одам жароҳатланган, дейилади парламент ҳисоботида. Бу даврда конда 2,3 миллиард куб метрга яқин газ қазиб олинди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид