Жаҳон | 09:21 / 02.10.2023
5720
3 дақиқада ўқилади

Украинага британиялик ҳарбий инструкторлар юборилиши мумкин

Аввалроқ Буюк Британия мудофаа вазири «охир-оқибат» украиналик аскарларни тайёрлаш Украина ҳудудида амалга оширилиши мумкинлигини айтди.

Фото: Kin Cheung/AP/picture alliance

Буюк Британия Украинага британиялик ҳарбий инструкторларни юборишни режалаштирмаяпти, деди бош вазир Риши Сунак 1 октябр, якшанба куни Sky News телеканалига берган интервюсида.

Аввалроқ, ўтган ой бу лавозимга тайинланган Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шэппс The Sunday Telegraph газетасига берган интервюсида Украина қуролли кучларини Буюк Британия ёки бошқа Ғарб давлатларида тайёрлашдан ташқари, «охир-оқибат» Украинага ҳарбий инструкторлар юборилиши мумкинлигини айтган эди. 

Сунак бу сўзларни изоҳлар экан, мудофаа вазири узоқ келажакда Украина ҳудудида ўқув машғулотларини ўтказиш имкониятини муҳокама қилганини таъкидлади. «Аммо ҳозир эмас, бу узоқ муддатли истиқболда юз бериши мумкин. Ҳозирги можарода ҳеч қандай британиялик аскар жангга юборилмайди», - деди Сунак.

Шэппс нима деди

Шэппснинг сўзларига кўра, у Буюк Британия Бош штаб бошлиғи Патрик Сандерс билан Украина Қуролли кучлари ҳарбийларини британиялик мутахассислар томонидан бевосита Украинада тайёрлаш имкониятини муҳокама қилган. 

«Айниқса, мамлакат ғарбида (Украина), менимча, «мамлакат ичида» кўпроқ шуғулланиш имконияти бор ва бу шунчаки машғулот бўлмайди. Масалан, биз BAE (Британия мудофаа компанияси)ни тасаввур қилишимиз мумкин. У мамлакатда ишлаб чиқаришга ўтади», деди вазир. 

«Мен Буюк Британиянинг бошқа компаниялари ҳам худди шундай қилиш орқали ўз ҳиссасини қўшишини истардим. Шунинг учун, менимча, кўпроқ ўқитиш ва ишлаб чиқаришни мамлакатнинг ўзига ўтказишда ўзгариш бўлади», - дея қўшимча қилди Шэппс. 

Медведев Британия мудофаа вазирининг сўзларига жавоб қайтарди 

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Шэппснинг сўзларини шарҳлар экан, Украинадаги британиялик инструкторлар Россия қуролли кучлари учун «қонуний нишон»га айланишини айтди. 

«Буюк Британия мудофаа вазири Украина аскарлари учун ўқитиш курсларини Украина ҳудудига кўчиришга қарор қилди. Яъни, унинг инструкторларини қуролли кучларимиз учун қонуний нишонга айлантиришга қарор қилди», деб ёзади Медведев. 

Мавзуга оид