Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Варшавада юз минглаб одамлар намойишга чиқди
Полша пойтахтида парламент сайловларига икки ҳафта қолганда яна бир йирик норозилик марши бўлиб ўтди. Сайловлар бўйича сўровларда ҳукмрон партия ғалаба қозониши тахмин қилинмоқда.
Полшада 1 октябр, якшанба куни, парламент сайловларига икки ҳафта қолганда, юз минглаб одамлар Варшавада ҳукмрон ўнг қанот «Қонун ва адолат» (PiS) партиясига қарши намойишга чиқди.
Марш ташаббускори энг йирик мухолифат партияси – «Фуқаролик платформаси» (ФП) раҳбари, ЕИ кенгаши собиқ раиси ва Полша мухолифатининг амалдаги етакчиси Доналд Туск бўлди. «Бу юз минглаб табассумли чеҳраларга қараганимда, ватанимиз тарихида бурилиш даври яқинлашаётганини ҳис қиламан», деди у. Намойишчилар «Бизга етарли, ўзгаришларни хоҳлаймиз» ва «Биргаликда кучимиз бор» деган плакатларни кўтариб олган.
Худди шундай акция июн ойи бошида Варшавада бўлиб ўтди. Ўшанда, ташкилотчиларга кўра, шаҳар маъмурияти иштирокчилар сонини ярим миллион киши деб ҳисоблаган ва бу намойиш 1989 йилда коммунизм қулаганидан бери энг йирик акцияга айланган.
Мухолифат рейтингда ҳукмрон партияга яқинлашиб қолган
«Миллион юраклар марши» деб ном олган намойиш билан мухолифат 15 октябрда бўладиган парламент сайловлари олдидан ўз тарафдорларини сафарбар қилмоқчи. «Катта ўзгаришлар юз бермоқда. Бутун Полша энди улардан ҳеч ким қўрқмаслигини кўриши муҳим», - деди Туск «Қонун ва адолат» (PiS) партиясига ишора қилиб. Акцияда Полша собиқ президенти, тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати Лех Валенса ҳам иштирок этди.
Ҳукмрон партия демократик институтлар ва айниқса, суд тизимига путур етказиш, аёллар ҳуқуқларини поймол қилишда айбланмоқда.
Сўров натижаларига кўра, PiS сайловларда 35 фоиз овоз билан етакчилик қилади, Тускнинг мухолифат алянси эса 27 фоиз овоз олиши мумкин, деб ёзади AFP. Аммо Тускнинг айтишича, ўз партияси томонидан ўтказилган ички сўровлар PiS етакчилиги атиги икки фоизга қисқарганини кўрсатди.
Мавзуга оид
21:10 / 31.05.2026
Ўзбекистон жамоаси футбол бўйича меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди
09:59 / 24.04.2026
Франция ядровий “соябони”ни НАТО шарқий қанотига кенгайтириши мумкин
23:03 / 14.03.2026
Испанияда Яқин Шарқдаги урушга қарши намойишлар ўтказилди
00:25 / 26.01.2026