Жаҳон | 23:19 / 04.10.2023
13621
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Эрондан тортиб олинган қуролларни Украинага беради – ОАВ

АҚШ Марказий қўмондонлиги мусодара қилинган бир миллиондан ортиқ Эрон ўқ-дориларини аллақачон Украина ҳарбийларига топширгани айтилмоқда.

Фото: АҚШ Марказий қўмондонлиги

АҚШ Эрондан мусодара қилинган минглаб қуроллар ва ўқ-дориларини Украинага беради, бу ҳақда CNN маълум қилди. АҚШ Марказий қўмондонлиги трансфер ҳақида шу ҳафтада эълон қилиши кутилмоқда.

Бу қонуний жиҳатдан қанчалик асосли бўлиши ҳозирча номаълум, деб таъкидлайди телеканал. БМТ қўлга киритилган қуролларни йўқ қилишни ёки омборга қўйишни талаб қилади. Байден маъмурияти бир неча ойдан бери АҚШ Марказий қўмондонлигининг (CENTCOM) Яқин Шарқ объектларида сақланаётган қуролларни украиналикларга қандай қилиб қонуний равишда топшириш ҳақида ўйлаётган эди.

CENTCOM баёнотига кўра, Марказий қўмондонлик мусодара қилинган бир миллиондан ортиқ Эрон ўқ-дориларини аллақачон Украина ҳарбийларига топширган. Ўтган йил давомида АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Эрон томонидан Яманга қурол етказиб беришда фойдаланилган кемалардан минглаб Эрон автоматлари ва миллиондан ортиқ ўқ-дориларни мусодара қилди.

Январ ойи ўрталарида Қўшма Штатлар француз ҳарбий кучлари кўмагида Эрондан Яманга йўл олган 3 мингта пулемётни, шунингдек, 23 та танкка қарши бошқариладиган ракеталарни қўлга олди. Кейинги икки ойда Қўшма Штатлар ва унинг шериклари жами 5 мингта қурол ва 1,6 миллион ўқ-дориларни қўлга киритди.

АҚШ Адлия ва Мудофаа вазирлиги расмийларининг айтишича, улар Украинага қурол жўнатишнинг қонуний йўлларини топиш устида бирга ишламоқда ва бу йўллардан бири қуролларни фуқаролик суди орқали мусодара қилишдир. Адлия департаменти Эрон ўқ-дорилари ва қуролларини мусодара қилиш учун камида иккита даъво қўзғатган.

«Бир йилдан ортиқ вақт давомида Россия ҳарбийлари қўлидаги Эрон дронлари Украина фуқароларига ҳужум қилиш ва уларни ўлдиришда фойдаланилмоқда», деди Жонатан Лорд, «Янги Америка хавфсизлиги маркази»нинг Яқин Шарқ хавфсизлиги дастури директори.

«Украина ўз халқини Россиянинг жиноий босқинидан ҳимоя қилиш учун Эроннинг мусодара қилинган қуролларидан фойдаланишида қандайдир адолат бор. Бундан ташқари, бундай сиёсат Москва ва Теҳрон ўртасидаги ривожланаётган муносабатларга босимни кучайтириши мумкин», деб қўшимча қилди у.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид