14:25 / 08.10.2023
6630

«Қулаётган тоғлар» – табиатнинг қулаб бораётгани ҳақида роман

Тоғлар ҳам қулайдими? Қулайди. Тоғлар табиат рамзи. Табиат деганда инсоннинг кўз олдига тоғ ва тоғдан оқиб турган сув манзараси келади. Агар инсоният табиатга етарлича эътибор, меҳр бермаса, шафқатсиз муносабатда бўлса, табиат қулайди, барбод бўлади. Бу эса инсоният бошига тушадиган кулфат демакдир. Табиат ва инсоният бир-бири билан узвий боғланган. Уларни бир-бирисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо сўнгги йилларда инсон табиатга нисбатан муносабатда бироз ҳаддидан ошяпти. Бундай хатти-ҳаракатлар эса жавобсиз қолмаслиги аниқ. Айни шу масала ва муаммоларни Чингиз Айтматов ўзининг «Қулаётган тоғлар» романида акс эттирган.

Сюжет:

Асар Жаабарс лақабли қорқоплонининг сўнгсиз изтироблари билан бошланади. Уни жуфти Барсойим ташлаб кетди. Жаабарсдан ёшроқ, забардастроқ барс билан етаклашиб кетди. Бу эса Жаабарсни адойи тамом қилди. Ҳаётга бўлган иштиёқи ҳам, қизиқиши ҳам қолмади. Яккаланиб, тоғма-тоғ кезадиган одат чиқарди.

Одам боласи Арсен Саманчин ҳам айни шу ҳолатда. Арсен таниқли журналист, бир қанча тилларда бемалол гаплаша оладиган иқтидорли йигит эди. Унинг севгилиси Ойдана машҳур актриса ва бой аёл бўлиш мақсадида ўша даврнинг миллионери Эртош Курчалга маъшуқа бўлиб кетиб қолади. Ваҳоланки, қиз Арсен билан «Мангу қайлиқ» воқеасини саҳналаштиришга ваъдалашганди. «Мангу қайлиқ» неча йиллардан бери халқ оғзида бўлиб, вафо ва садоқатли севги ҳақида куйлар эди...

Кучли изтиробда қолган йигит аввал Эртошни, сўнг ўзини ўлдиришга аҳд қилади. Аммо тўппончани қаердан олишни билмай турган вақтида овулдан унга овчилик билан шуғулланувчи қариндоши Бектур оға телефон қилиб қолади. Унинг «Мерган» номли фирмаси бўлиб, бу фирма овчилик билан шуғулланарди. Бектур оға Арсенга яқинда овулга иккита бой араб қўноқлари келишини, улар тоғларда барс овлаши ва барча ҳаражатларни ўзлари тўлашини айтади. Арсендан таржимонлик қилишини сўрайди.

Тўппонча қидириш муаммоси шу ишда ҳал бўлишини ўйлаб, Арсен таклифга рози бўлади ва овулга қараб йўл олади. У ерда Элес исмли қиз билан танишади ва иккиси бир-бирига кўнгил қўяди. Элес дунёқараши кенг, ақлли ва табиатга куйинчак қиз эди. 

Бектур оға овулидан 4-5 та норғул йигитларни барсларни ҳайдаб келиш учун ишга ёллаганди. Уларнинг сардори Арсеннинг синфдоши Тоштан эди. Афғонда жанг қилиб келгани учун ҳамма уни Тоштанафғон деб чақирарди. Тоштанафғон йигитлари билан Арсенни маҳфий жойга олиб боради ва ўзининг режасини билдиради. Режа шундай эдики, ов вақтида Тоштан йигитлари билан араб қўноқларини гаровга олиб, пул талаб қилади. Пулни олгач ҳаммаси узоқ жойларга қочишади. Бу ишда Арсен таржимонлик қилиши лозим эди. 

Агар рози бўлмаса ёки бу ҳақида кимгадир айтгудек бўлса Арсенни аяб ўтирмасликларини таъкидлайди. Арсен ниҳоятда қийин вазиятга тушиб қолганди. Арабларни гаровга олиб, улардан пул талаб қилиш халқаро муносабатлар бузилишига олиб келиши мумкин эди. 

Ниҳоят араблар келади, овга чиқишади. Аммо Тоштанафғоннинг режасига киришилган пайтда Арсен ҳеч ким кутмаган ишни қилади. Мегафонни олиб бақира бошлайди:

– Хориждан келган овчилар! Сизга минг лаънат! Қоплонлардан қўл тортларинг, тоғларни оёқости қилма! Юртингга қайт! Туёғингни шиқиллат! Йўқса отиб ташлайман, – дея бир неча бор ўқ узади. Шу заҳотиёқ Арсеннинг ўзини-да отиб ташлашади. Бу пайтда ўқлар шу атрофда юрган Жаабарсга ҳам тегади. Араблар ортига қарамай қочишади, Бектур оға бошини тошга уриб, Арсенни лаънатлайди, Тоштанафғон ҳам сотқин синфдошини сўкканича жаҳл отига минади. 

Арсен Жаабарснинг биқинига бош қўйганча вафот этади...

Таҳлил: 

Асарда ҳозирги кундаги бозор иқтисодиёти жадаллашуви сабаб инсоният нималарга эришаётгани ва нималарни йўқотаётгани ҳақида гап боради. Тараққиёт, иқтисодий ўсиш албатта яхши, аммо табиат, самимий туйғуларни барбод қилиш эвазигамас. 

Ойдананинг Эртош томонга кетиб қолиши ҳам иқтисодиётнинг кучи эди. У Арсеннинг самимий туйғуларини оёқости қилиб, садоқатнинг юзига қарамай иқтисодиёт томонга жадаллади. Бу эса ҳозир пулнинг қаршисида туйғуларнинг қадрсизланиб бораётганига исбот.

Тоштанафғон аламзада эди. Чунки овул аҳлининг катта қисми ночорликда ҳаёт кечирарди. Қашшоқликдан безган, афғон урушида дийдаси қотган йигитга араб қўноқлари сингари миллионерларнинг ҳамма бойликка эгалик қилишлари ёқмаётганди. Шу сабабдан ҳам у куч ишлатиш йўли билан бўлса ҳам бой бўлишни, ҳозирги замон талабига жавоб беришни истарди.

Овул аҳли ҳам «Мерган» фирмасига умид билан кўз тикарди. Барслар ови келтирадиган даромаддан умид қилишарди. Бирор мард чиқиб айтмасдики, шундоқ ҳам йўқолиб бораётган барсларни сақлаб қолиш лозим деб. Аксинча, улар имкон бўлса, тоғларидан оқувчи сувни ҳам пуллаш ғоясини ўйлаб кўришади. Яъни бутун ҳаётнинг мазмуни пулдангина иборат бўлиб бораётганди.

Арсен барсларни овлаш режаси табиатга зулм эканини, бу ишларнинг охири яхшиликка олиб келмаслигини ҳис қилиб турарди. Аммо бунга қарши қандай чора кўриш мумкинлигини ҳам билолмасди. Тоштаннинг таклифидан сўнг унинг кўнгли ғашланди. Бу воқеа халқлар ўртасида уруш чиқариши муқаррар эди. Уруш эса инсоният бошига кулфатдан бошқа нарса олиб келмасди. Одамлар тугул ҳайвонларни ўлдириш ўтакетган разолат ва жирканчликлигини тушуниб турарди. Шулар ҳақида фикр юритаркан, бир неча кун аввал ўзи ҳам одам ўлдиришни режалаганидан уялиб кетди.

Арсен икки ўт орасидан чиқиш йўлларини қидиради, тополмагач ўзини қурбон қилди. У қурбонлиги эвазига ҳам одамларни урушдан сақлаб қолганди, ҳам табиатни, барсларни асрашга эришганди. Бу бир инсон учун шарафли ўлим бўлди...

Одамзот табиатга қандай муносабатда бўлса, шундай жавоб олади. Ҳозирги глобал муаммоларимизга бир қарайлик: озон қатламининг емирилиши, сув танқислиги, ҳаво ифлосланиши, чанг бўронлари, атроф ахлатга тўлиши, минг бир хил инфекцияларнинг тарқалиши, ўрмонлар камайиб бориши ва ҳоказо. Барчаси бизнинг дунёни ахлатга тўлдиришимиз, сувни исроф қилишимиз, дарахтларни кесишимиз оқибати эмасми? 

Табиатни асраш ҳақидаги шиор-у қонунлар фақат ва фақат қоғозда қолиб кетмаяптими?Амалдаги аҳамияти борми уларни? Аввало, якка шахснинг ўзидан, онгидан бошланиши керак табиатга муносабат. Ота-оналар фарзандларга онгли равишда ўрнак, табиатга яхши муносабат кўрсатишда ибрат бўлиши лозим. Ҳар бир шахс ўзини ўзгартирмас экан, омма бўлиб табиатни асрашнинг имкони йўқ…

Гуласал Қодирова, китобхон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзу
Мутолаа завқи
Китоб мутолааси инсон руҳиятида ажиб ҳиссиёт, ўзгача қувват ва ички хотиржамлик беради. Бу саҳифадаги мақолалар сизни ана шундай мутолаа завқини ҳис қилишга ундайди.
Барчаси
Top