10:03 / 10.10.2023
7745

Сурхондарёда 600 тупдан ошиқ каврак ўсимлигига зарар етказилди

“Тожик кавраги” Ўзбекистон Қизил китобига киритилган бўлиб, у ҳимояга олинган.

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда ИИБ ходимларидан тузилган махсус гуруҳ томонидан “Тожик кавраги” ўсадиган ҳудудларда мунтазам равишда кундузги ва тунги рейд тадбирлари ўтказилган.

“Боботоғ” давлат ўрмон хўжалигида ўтказилган назорат тадбирлари давомида ўрмон хўжалигининг “Файзова” бўлими 6-айланма 7-кварталининг “Арчабулоқ” массиви ҳудудида табиий ҳолда ўсадиган каврак ўсимлигига кўп миқдорда зарар етказилганлиги аниқланган.

Ўрганишларда ўрмон ходимларининг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашиши оқибатида ҳудуддаги 611 туп Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ноёб турдаги “Тожик кавраги” ўсимлиги ноқонуний равишда кесиб олингани маълум бўлган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан тегишлича, бирламчи ҳужжатлар тайёрланиб, табиатга етказилган зарар ҳисобланмоқда.

Аввалроқ, Бош прокуратура департаменти “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жорий йил июль-сентябрь ойларида 11 550 туп табиий ҳолда ўсувчи “Тожик кавраги” доривор ўсимлиги ноқонуний кесилиб, табиатга 5,7 млрд сўм зарар етказилгани ва ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётганини маълум қилганди.

Top