Жаҳон | 12:12 / 12.10.2023
11449
3 дақиқада ўқилади

Миср ғазолик қочқинлар учун йўлаклар яратиш ғоясига муносабат билдирди

Қоҳира «фаластинликларнинг ўз ерларига эгалиги ҳуқуқини» ҳимоя қилиш учун йўлаклар яратишдан бош тортмоқда, деди манбалар. Ғазо секторида қурбонлар сони 1200 нафарга етди.

Фото: Abed Rahim Khatib/dpa/picture alliance

Миср ҳукумати ҲАМАС жангчиларининг Исроилга кириши оқибатида Фаластин-Исроил можароси кескин кучайиши фонида Ғазо секторидан қочқинлар учун хавфсиз йўлаклар яратиш ғоясини рад этди. Қоҳира буни Миср «фаластинликларнинг ўз иши ва ерларига эгалик ҳуқуқини» ҳимоя қилмоқчи экани билан изоҳлади, деб хабар берди Reuters 11 октябр, чоршанба куни кечқурун Миср ва АҚШ ўртасидаги музокараларга яқин манбаларга таяниб.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан аввалроқ Исроил ва Миср билан ҲАМАСнинг Исроилга киришига жавобан Исроил ҳаво ҳужумларидан жабр кўрган тинч аҳолини Ғазо секторидан олиб чиқиш бўйича маслаҳатлашувлар давом этаётганини айтганди. 

Американинг NBC телеканалига кўра, шу мақсадда АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти тинч аҳолини Ғазо секторидан жанубий йўлак орқали Мисрга эвакуация қилишни мувофиқлаштиришга уринган. Ғазо секторидан Мисрга ўтадиган ягона чегара ўтиш жойи - Рафаҳ. Қолганларнинг ҳаммаси Исроилга олиб боради. ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин барча чегара пунктлари ёпилди. Ғазо секторида 2,2 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. 

АҚШ давлат котиби Блинкен музокараларга қўшилди 

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 11 октябр оқшомида Исроилга учишидан олдин Ғазонинг тинч аҳолисини эвакуация қилиш бўйича Миср билан музокаралар қийин кечганини айтди. 

«Музокаралар давом этмоқда. Тафсилотларга тўхтала олмайман. Улардан баъзилари жуда мураккаб. Ишончим комилки, Исроил ҳам тинч аҳолини ёмонликдан сақлаб қолишни хоҳлайди. Лекин Исроил содир бўлган воқеа бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун ўзини ҳимоя қилиш чораларини кўриши керак», деди Блинкен. 

Ғазо сектори ва Исроилда қурбонлар сони ортиб бормоқда 

Фаластин расмийларига кўра, Ғазо секторида ҲАМАС ва Исроил ўртасида янги қуролли можаро бошланганидан бери 1,2 минг киши ҳалок бўлган, яна 5,6 мингга яқин киши яраланган. Биргина кеча тунда Исроил ҳаво ҳужумларида 51 фаластинлик ҳалок бўлди, яна 281 киши яраланди. 

БМТнинг Ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, Ғазо секторида бошқа жойга кўчганлар сони 338 минг кишига етган, бу рақам бир кун ичида 75 минг кишига кўпайган. 

Айни вақтда, Исроил расмийлари Исроилда 1,3 минг киши ҳалок бўлгани, 3,7 мингдан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида хабар берди. 

Мавзуга оид