Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленскийнинг НАТОга ташрифи: Украина учун янги авиакоалиция тузилади
11 октябр Брюсселда Украина мавзуси кун тартибида бўлди: Зеленский НАТОга келди, «Рамштайн» форматида учрашув бўлиб ўтди, биринчи НАТО-Украина кенгаши ўтказилди ва Белгия 2 миллиард евролик ёрдам фонди ҳақида эълон қилди.
11 октябр куни Володимир Зеленский кутилмаганда Брюсселга борди. Одатдагидек, унинг ташрифи ҳақида олдиндан деярли ҳеч ким билмаган, сабаби, агар маълумотлар тарқалиб кетса, Украина президенти шунчаки келмаслиги ҳам мумкин эди. Белгия оммавий ахборот воситалари эрталаб у бу кунни ўз мамлакатида ўтказиши ҳақида хабар беришга улгурмасидан олдин, Шимолий Атлантика алянси ўз режаси мавзусини «НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг ОАВ билан мулоқоти»дан «Столтенберг ва Зеленскийнинг ОАВга биргаликда ёндашуви»га ўзгартирди. Столтенбергнинг ўзи НАТО штаб-квартираси эшиги олдида катта кортежда келаётган Украина президентини кутиб тургани ҳақидаги хабар жаҳон ахборот агентликларида қисқа вақт ичида тарқалиб кетди.
Саломлашув илиқ ўтди – Зеленский ва Столтенберг яқинда ажралган дўстлардек саломлашди – табассум ва ҳазиллар билан. Бундан икки ҳафта олдин Шимолий Атлантика алянси бош котиби Киевга ташриф буюрганди.
Столтенберг Зеленскийга: НАТОга хуш келибсиз
«НАТОга хуш келибсиз: сизнинг курашингиз, бу - бизнинг курашимиз, сизнинг хавфсизлигингиз - бизнинг хавфсизлигимиз, қадриятларингиз - бизнинг қадриятларимиз. Биз Украинани керак бўлгунича қўллаб-қувватлаймиз», деди Столтенберг матбуот олдида. Унинг нутқидан маълум бўлдики, иттифоқчилардан Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш ҳақида янги баёнотлар кутиляпти ва бу умидлар оқланди. Кун давомида АҚШ, Буюк Британия ва Финландия Украинага юзлаб миллион евролик янги ёрдам пакетларини эълон қилди. Дания ва Белгия Украинага F-16 қирувчи самолётларини ваъда қилди. Аммо, агар Копенҳаген уларни 2024 йилнинг баҳорида етказиб беришга тайёр бўлса, Брюссел бир йилдан кейин ва пакет янги ҳукумат томонидан маъқуллангандагина тақдим этади. Канада Украина қуролли кучларини совуқдан олдин ўн миллион долларлик иссиқ кийим ва жиҳозлар билан таъминлайди.
Бундан ташқари, Столтенберг алянс аъзолари Украинага «адолатли уруш олиб бориш ва ўз ерларини озод қилиш» имкониятини бериш учун ҳарбий ишлаб чиқаришни аллақачон кўпайтирган ва оширишда давом этмоқда, деб ишонтирди.
У бу кунни «Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича самарали учрашувлар куни» деб атади. 11 октябр куни Брюсселда Украина мавзуси кун тартибида бўлди, чунки Зеленскийнинг ташрифидан ташқари, у билан боғлиқ бир қанча тадбирлар ҳам ўтказилди. Биринчидан, Украина мудофааси бўйича АҚШ бошчилигидаги алоқа гуруҳининг йиғилиши. У ўн олтинчи йиғилиш бўлган бўлса ҳам, Зеленский биринчи марта «Рамштайн» форматига ташриф буюрди.
«Рамштайн» форматида Украина учун янги коалициялар
Пентагон раҳбари Ллойд Остин кейинроқ журналистларга Украина президентининг шахсан гапирганини эшитиш «жуда кучли бўлганини» айтди. Остиннинг сўзларига кўра, у Зеленскийни келишмовчиликларга қарамай, иккала Америка партияси қўллаб-қувватлашига ва АҚШ халқининг кенг маъқуллашига ишонтирган. У, шунингдек, Қўшма Штатлар Украинанинг Россияга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши ва Исроилга ёрдам бериши бир вақтнинг ўзида давом этиши мумкинлигини айтди.
Алоқа гуруҳида 50 дан ортиқ давлат, жумладан, НАТОнинг барча аъзолари нафақат Украинанинг энг муҳим эҳтиёжларига, балки келажакдаги ёрдамга ҳам эътибор қаратди. Шу тариқа, Остин Киевга «Леопард»лар билан ёрдам берадиган давлатлар бирлашган танк коалициясига ўхшаш янги коалициялар ва Украина Қуролли кучларини F-16 қирувчи самолётлари ҳамда улардан фойдаланиш учун зарур бўлган барча нарсалар билан таъминловчи давлатларни ўз ичига олган авиакоалиция ҳақида гапирди. Мисол учун, Эстония ва Люксембург тармоқларни ҳимоя қилишда Украина IT-инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш бўйича коалицияга раҳбарлик қилади, Литва Россия миналарини тозалаш ишларига бош бўлади, Қўшма Штатлар Украина ҳарбий-ҳаво кучларини ривожлантириш бўйича коалиция раҳбарлари - Дания ва Нидерландия сафига қўшилди. Бошқа коалициялар яқин ҳафталарда тузилади, деди Пентагон раҳбари. Муайян ҳудудларда улар «Украина келажакда ўз суверенитетини ҳимоя қилиши ва агрессиянинг олдини олиши керак бўлган ҳамма нарсани тўплайди», дея тушунтирди у.
Белгиядан махсус янгилик
«Рамштайн»дан кейин Володимир Зеленский фурсатдан фойдаланиб, Белгия бош вазири Александр Де Кро билан учрашувга борди, у ҳам украиналиклар учун хушхабар борлигини билдириб, бу ҳақда Украина президенти билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
Конференция бошланишидан икки соат олдин эълон қилинган ва журналистларга аккредитациядан ўтиш учун бор-йўғи бир соат вақт берилган - одатда уни олиш учун кунлар, ҳатто ҳафталар кетади. Барча оммавий ахборот воситалари вакилларини кўрсатилган манзилга йиғиб, уларни автобусга ўтказишган ва номаълум бошқа жойга олиб кетишган, у ерга эса Украина ва Белгия раҳбарлари етиб келган.
Улар асосий янгиликлар ҳақида маълум қилди: Белгия дунёда биринчи бўлиб Россиянинг музлатилган активларидан Украина манфаати учун фойдаланишни бошлади. Брюссел 2022-2024 йилларда Белгия ҳудудидаги Россия активларидан олинган фойдадан жами 1,7 миллиард евролик солиқ ўтказиладиган жамғарма яратди. Шу билан бирга, Россиянинг юзлаб миллиард еврога тенг активлари ва улар бўйича фоизлар дахлсизлигича қолмоқда, чунки улар Белгия ҳукумати юрисдикцияси остида эмас, деди Де Кро. Гарчи Россиянинг ўзи бундан ҳеч нарсани йўқотмаса ҳам, музлатилган активлардан ёки уларнинг камида бир фоизидан фойдаланишнинг қонуний йўлларини излаш давом этмоқда, дея ишонтирди Зеленский ва Де Кро.
«Дунёда шундай овозлар борки, улар бизда Украинани тиклашга ёрдам берадиган пулимиз йўқ, демоқда. Мен бунга шундай жавоб бераман: сизда Россия активлари бор. Ва агар россияликлар бизнинг мамлакатимизни вайрон қилса, биз бу пулдан фойдаланишимиз мумкин. Келинг, калитни топайлик. Бу пулни олиб, Украинани тиклашга сарфлаш керак», деди Зеленский.
Биринчи НАТО-Украина вазирлар кенгаши
Зеленскийнинг расмий ташрифи Белгия бош вазири билан учрашувдан сўнг якунланди ва Шимолий Атлантика алянси штаб-квартирасида мудофаа вазирлари даражасидаги биринчи НАТО-Украина кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. У ерда Украина Мудофаа вазирлигининг янги раҳбари Рустем Умеров биринчи марта кутиб олинди.
Кечқурун журналистлар олдига чиқиб, у америкалик ҳамкасби билан мулоқоти ҳақида гапирди. «Йил охиригача ҳам, ундан кейин ҳам таъминот масаласида ҳеч қандай кечикишлар бўлмайди, - деди Умеров Остинга таянган ҳолда. - Бу ва кейинги йил учун ёрдам бўлади». Украина вазирининг қўшимча қилишича, у қурол-яроғ етказиб бериш бўйича кўплаб мажбуриятларни олган, баъзи давлатлар эса Украина томони ҳатто кутмаган нарсани тақдим этишга ваъда берган.
Яқин Шарқдаги можаро ва Украинадаги уруш
Яқин Шарқдаги кескинлашиб бораётган можаро ва Украинадаги уруш ўртасидаги таққослашлар доимий равишда, асосан, журналистлар ва сиёсатчиларнинг оғзидан эшитилди. Асосий хулоса: Исроилга ёрдам Украинага ҳарбий ёрдам беришга таъсир қилмаслиги керак ва таъсир қилмайди. Бу ҳақда нафақат Остин, балки Столтенберг, Зеленский ва Умеров ҳам гапирган.
«Бугун биз амалда қилинаётган ишлар оғзаки гаплардан кўра баландроқ эшитилаётганини кўрдик. Бу шуни англатадики, НАТО иттифоқчилари нафақат Украинани қўллаб-қувватлашга тайёр, балки Украинага кўпроқ ёрдам кўрсатмоқда - кўпроқ ҳаво мудофаа тизимлари, F-16 самолётлари, ўқ-дорилар, таълим дастурлари ва турли ёрдам пакетлари, - деди Йенс Столтенберг якуний матбуот анжуманида. - Ва бу Россия ҳамда Россия НАТО иттифоқчиларидан устун бўлиши мумкинлигига ишонадиган ҳар бир киши учун кучли сигналдир. Ишончим комилки, улар бундан кейин ҳам Киевни қўллаб-қувватлашда ёрдам беради, чунки Украинанинг ғалабаси бизнинг хавфсизлигимиз манфаатларига мос келади».
12 октябр куни НАТО мудофаа вазирларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади, унда Яқин Шарқдаги вазият ва Болтиқ денгизидаги газ қувурига етказилган зарар муҳокама қилинади.
Мавзуга оид
20:57 / 02.07.2026
Залужний Зеленскийга сайловда қатнашмоқчилигини айтди
09:35 / 29.06.2026
Зеленский: Украина ўз қаҳрамонларини ўзи танлайди
23:05 / 25.06.2026
Зеленский Россияга нисбатан «40 кунлик таъсир операцияси»ни тасдиқлаганини айтди
10:15 / 08.06.2026