Жаҳон | 17:42 / 13.10.2023
9858
7 дақиқада ўқилади

“Санкциялар Россияни янги билимлардан маҳрум қилади” — Беата Яворчик

“Санкциялар иш беряпти. Улардан дарров катта натижа кутиш тўғри бўлмайди. Бу санкциялар Россияга савдо ва инвестициялар орқали янги билимлар кириб боришини тўхтатиш орқали ишлайди”, – дея тушунтирди Оксфорд университети профессори Беата Яворчик. Унинг фикрича, ҳозирда янги санкциялар ўйлаб топишдан кўра, мавжудларининг ижросини такомиллаштириш керак.

Фото: Европада тикланиш ва тараққиёт банки

Оксфорд университети профессори Беата Яворчик иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовга берган интервюсида Россияга қарши санкцияларга доир айрим саволларга жавоб бериб ўтди.

Беата Яворчик – Оксфорд университети профессори, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг бош иқтисодчиси. Поляк олимаси узоқ вақтдан буён халқаро савдо, интеграция, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар масалаларини ўрганиб келади.

Яворчик Беҳзод Ҳошимов билан “Ҳошимов иқтисодиёти” дастурида кечган суҳбатида турли мавзулар, хусусан Украинадаги уруш учун Россияга киритилган санкциялар ҳақидаги саволларга жавоб берди.

— Сиз импорт тарифларига қарши курашиш ҳақида ёзгансиз. Бу мавзу бугунги кунда ҳам кўплаб Ғарб давлатлари уруш туфайли Россияга киритаётган санкциялар нуқтайи назаридан жуда муҳим. Деярли ҳар куни оммавий ахборот воситаларида Россия чекловлардан қочишнинг янги усулини топгани ҳақида хабарлар пайдо бўлади. Менимча, бу айнан импорт божларини тўлашдан бўйин товлаш эмас, балки экспорт чекловларидан қочишга оид, чунки бу янгиликларда ҳар доим транзит давлатлар бўлади. Биз санкциялар ҳақида нимани билишимиз мумкин ва уларни қандай қилиб яхшироқ қўллаш мумкин?

— Савдо статистикасида сиз Европа ва АҚШдан Россияга экспортнинг кескин пасайишини аниқ кўришингиз мумкин ва бу пасайиш, айниқса, санкцияларга учраган товарлар учун сезиларли. Шу билан бирга, Европадан Марказий Осиё мамлакатларига ва бу давлатлардан Россияга экспорт ҳажми ошганини кўрамиз. Айниқса МО давлатлари Европа санкциялари остидаги товарларни экспорт қилмоқда. Энди бир нарсани аниқ айтсам: Марказий Осиё давлатлари [Россияга] санкция қўлламаган ва уларнинг ўзи ҳам Европа санкцияларига тушмаган. Шундай қилиб, бу кейсда Европа санкциялари остидаги товарларни экспорт қилишни кўриб чиқамиз. Демак, мен айтиб ўтган далиллар санкцияларни четлаб ўтишни кўрсатади.

Товарни Европадан Россияга тўғридан тўғри экспорт қилиш ўрнига, савдо Марказий Осиё орқали амалга оширилади. Хўш, қандай турдаги маҳсулотлар учун воситачилик қилинади? Аслида ҳамма турдаги маҳсулотлар, чунки улар саноатда қўлланиши, ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган икки технологияли ва қимматбаҳо маҳсулотлар ҳисобланади. Бундан ташқари, сиз ҳозирда санкцияланган товарларга ўхшаш маҳсулотлар бундай оралиқ экспортда кўпайиб бораётганининг баъзи далилларини кўряпсиз.

Бир мисол келтираман: тиббий мақсадларда фойдаланиш учун рентген аппарати санкцияга тушмайди, лекин саноатда фойдаланиладиган рентген аппарати тушиши мумкин. Шундай қилиб, баъзи ҳолларда санкциялардан қочиш учун савдо корхоналари санкцияланган товарларни рухсат этилган товарлар ўлароқ атайлаб нотўғри таснифлайди.

Маҳсулотларни нотўғри таснифлаш – санкциялардан қочишга уринаётган трейдерларнинг севимли усулларидан бири. Энди айтганларимга ойдинлик киритаман. Ушбу воситачилик савдоси кичик ҳажмга эга. Савдога нисбатан ҳажм жиҳатидан кичикроқ. Бошқача қилиб айтганда, ўртача алмаштириш даражаси 10 фоиз бўлиши мумкин. Бироқ баъзи махсус маҳсулот тоифаларида алмаштириш даражаси юқори бўлиши мумкинлигини кўрамиз. Энди Россияга қарши санкциялар бу санкцияларга қўшилмаган, савдо ўрнини босувчи бошқа давлатлар учун ҳам имкониятлар очди, шундай эмасми? Халқаро савдода буни савдо бурилиши деб атаймиз. Демак, Россия Туркия ва Хитойдан аввалгидан анча кўп импорт қилаётганини кўрамиз ва айниқса, Хитойдан импорт қилиш ҳақида гап кетганда, Европа санкцияларига дучор бўлган маҳсулотларни Россия ҳозир Хитойдан импорт қилаётганига гувоҳ бўласиз. Дизел юк машиналари яхши мисол. Европадан дизел юк машиналарининг экспорти камайди ва статистика Хитойдан 360 миллион долларлик импортни кўрсатди.

— Сизнингча, Ғарб давлатлари санкцияларга риоя қилишни яхшилаш учун қандай воситаларга эга? Уларнинг воситалари тугаб қолганми ёки бунинг олдини олиш, санкцияларни янада қаттиқроқ қўллаш йўллари борми?

Экспорт санкциялари билан боғлиқ муаммо ҳам шунда. Ҳар бир давлат бошқалардан санкциялар қўллашни сўраса-да, ўз компанияларига нисбатан юмшоқроқ бўлишни хоҳлайди. Иқтисодиётда “пул тўламасдан фойдаланувчи” муаммоси бор. Биз буни совуқ уруш даврида кўрдик, чунки урушда экспорт санкциялари бор эди ва рағбатлантириш туфайли санкциялар бузилди.

Нима қилиш мумкин? Транзит мамлакатларга босим ўтказишга ҳаракат қилиш мумкин. Аммо муаммо шундаки, янги транзит мамлакатлар пайдо бўлади. Бу “Кўрсичқонни ур” ўйинига айланиб кетади.

Яна бир мутлақо бошқача ёндашув: нозик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни аниқлаш ва уларга “мижозларингизни ўрганинг” қоидаларини жорий қилиш. Бизда шундай қоидалар борки, компаниялар савдони молиялаштириш воситаларидан фойдаланганда, бундай воситаларни чиқарадиган банклар мижозлари ҳақида билиши керак. Улар муомала қилинаётган маҳсулотнинг охирги фойдаланувчиси кимлигини тушунишлари лозим. Шундай қилиб, бу осонроқ йўл бўлади ва моҳиятан санкцияларни жорий қилиш босқичида қўлланади.

— Сизнингча, Ғарбда ёки Украинанинг оғир аҳволини қўллаб-қувватлаётган давлатларда Россия ҳукуматининг ҳарбий харажатларга сарфлаш учун молиявий имкониятларини камайтириши мумкин бўлган савдога чекловлардан бошқа йўллар борми? Улар Марказий банк захираларини музлатишга ҳаракат қилмоқда. Жуда кўп ишларни қилишди, лекин ҳар сафар янгиликларни ўқиганингизда улар янги санкциялар босқичи жорий этилишини айтишади. Аслида, уларнинг чўнтагида фойдаланиши мумкин бўлган бошқа воситалар борми? Мен илгари қўлланмаган мавжуд иқтисодий санкцияларни назарда тутяпман.

Аввало, ишонаманки, санкциялар ишлаяпти. Улардан зудлик билан катта таъсир кутиш тўғри иш бўлмайди. Бу санкциялар Россияни савдо ва тўғридан тўғри хорижий инвестициялар орқали янги билимларни олишдан маҳрум қилиш орқали ишлайди. Кўплаб Ғарб фирмалари илмий ҳамкорлик йўқлиги, инсон капитали оқими етишмаслиги ва ҳоказолар туфайли Россияни тарк этганини кўрдик. Аммо бир неча йил ўтгач, бу таъсирлар маҳсулдорлик статистикасида сезиларли бўлади. Бундай санкциялар жуда тез таъсирини намоён қилмайди.

Энди саволингизга қайтсак. Менимча, янги санкциялар пакетини ўйлаб топишга уринишдан кўра, ижрони такомиллаштириш ҳақида ўйлаш фойдали бўларди. Бизда санкциялар ишлаётгани ҳақида далиллар бор. Масалан, Россия билан боғлиқ тўлов операцияларини амалга оширишни мураккаблаштириш орқали Россияга қийинчиликлар яратилди, савдо қилиши қийинлашди. Лекин ҳамма давлатлар ҳам санкцияларга риоя қилишни қўллаб-қувватламайди. Менимча, бу энг катта муаммо. Европа Россиядан нефт ва табиий газ сотиб олмас экан, бошқа харидорлар бор, бошқа харидорлар бор экан, Россия бюджетига маблағлар кириб боради. Албатта, бу масалада нарх чекловлари ва бошқа барча механизмлар катта ёрдам беради.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид