Ўзбекистон | 16:48 / 14.10.2023
17403
2 дақиқада ўқилади

Блогер Олимжон Ҳайдаров иши юзасидан тергов якунланиб, иш судга оширилди

Товламачиликда гумонланиб қўлга олинган блогерга тергов давомида туҳмат ва ҳақорат қилиш айбловлари ҳам қўйилган.

10 октябрь куни Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан терговни якунлаб, 13 октябрь куни ишни Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судига ўтказди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов Kun.uz'га маълум қилган.

Хусусан, тергов органи блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми “а” банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш), 140-моддаси 3-қисми “а” банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш), 165-моддаси 2-қисми “а” “б” бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш) билан айб эълон қилган.

Олий суд матбуот хизмати суд муҳокамаси санаси кейинроқ эълон қилиниши таъкидлади. Олимжон Ҳайдаровнинг адвокати Дилшод Жабборов блогерга қўйилган айбловлар ўз тасдиғини топмаган, деб ҳисоблашини айтди.

Фарғоналик блогер ва жамоатчилик фаоли Олимжон Ҳайдаров 29 июль куни товламачиликда гумонланиб қўлга олинган эди. Расмийлар у Қўқондаги бозор ҳақида салбий мазмундаги мақолани чиқармаслик учун пул талаб қилганини таъкидлаган. Қўлга олинган блогер Олимжон Ҳайдаровга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланганди.

Мавзуга оид