10:03 / 14.10.2023
10054

БМТ бош котиби: Исроил атрофидаги можаро Ливанга ҳам тарқалиши мумкин

Reuters операторининг Ливанда ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлиши минтақада Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги можаро чегараларини кенгайтириш хавфи юқори эканлигини кўрсатади, дейди Антониу Гутерриш.

Фото: Reuters

Reuters агентлигининг фотосуратчиси ва видеооператори Иссам Абдуллоҳнинг Ливан жанубида ишлаётган вақтида ўлими Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги можаро Ливанга тарқалиб кетиши хавфи катта эканлигини яққол кўрсатиб турибди. Бу ҳақда 13 октябр, жума куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш баёнот берди.

Шу куни АҚШ Давлат департаменти расмий вакили журналистларнинг сўровига биноан Reuters ходимининг ўлими ҳақидаги хабарни изоҳлар экан, Давлат департаменти «Ливанда журналистларнинг ўлими ҳақидаги хабарлардан хабардор» экани ва ҳукумат расмийлари ушбу мавзу бўйича маълумот тўплаш устида иш олиб бораётганини билдирди.

13 октябр куни AFP агентлиги Ливандаги турли оммавий ахборот воситалари ходимлари гуруҳининг ўққа тутилиши натижасида AFP, Al-Jazeera ва Reuters агентликларининг икки нафардан журналисти яралангани ҳақида хабар берган эди. Отишмани айнан ким амалга оширгани айтилмаган.

Ғазога инсонпарварлик ёрдами учун чақирув

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 13 октябр оқшомида Ню-Йоркда журналистлар билан суҳбатда Ғазо сектори аҳолисига зудлик билан инсонпарварлик ёрдамини етказишга чақирди. Фаластин-Исроил можаросига бағишланган БМТ Хавфсизлик кенгашининг ёпиқ йиғилишида иштирок этишдан олдин у: «урушларнинг ҳам қонун-қоидалари бор», деб таъкидлади.

Шу билан бирга, Гутерриш Исроилнинг Ғазо секторининг шимолий қисмларини эвакуация қилиш ҳақидаги чақириғига очиқчасига қарши чиқди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг таъкидлашича, аҳоли зич жойлашган ҳудуддаги 1,1 миллионга яқин одамга таъсир қиладиган бундай ҳаракат «ўта хавфли ва баъзи ҳолларда имконсиздир».

Шу билан бирга, Гутерриш ҲАМАС томонидан гаровга олинган барча шахсларни зудлик билан озод қилишга чақирди ва антисемитизм, мусулмонларга қарши мутаассиблик ва фаластинликлар ҳамда Исроил ўртасидаги можаро туфайли юзага келган барча кўринишдаги нафратнинг оғзаки ифодаларини қоралади.

Ғазода тинч аҳоли орасида қурбонлар

11 октябр куни халқаро сиёсат бўйича эксперт ва Мюнхендаги Бундесвер университети профессори Карло Масала DW нашрига берган интервюсида ЦАХАЛ «яқин соатлар ёки кунлар ичида» Ғазога қуруқликдаги қўшинларини юборишни бошлашига ишонч билдирди.

Шу билан бирга, у Исроил Ғазодаги «тинч аҳолини ҳимоя қилиш» учун ишларни амалга оширганига эътибор қаратди, бироқ, операция шартларидан келиб чиққан ҳолда, аҳоли орасида талафотлардан қочишнинг имкони бўлмаслиги айтилди.

Top