Кулга айланган Ғазо, Фаластин учун қайғурган Путин — “Геосиёсат” дайжести
Бомбалар остидаги Ғазо, Яқин шарқни кезиб юрган Блинкен, Фаластин учун қайғурган Путин ва дунёни газсиз қолдиришини айтган Қатар амири, шу каби халқаро майдонда юз берган воқеалар билан «Геосиёсат» дайжести.
Ғазо бомбалар ёмғири остида қолди.
АҚШ Афғонистонга 1 йил давомида ташлаган 6 минг бомбани, Исроил Ғазога 6 кунда ташлади.
Исроил аскарлари урушда ҳеч қандай қоидага амал қилмасликлари айтилди. Human Rights Watch ташкилоти исроиллик ҳарбийлар Ливан ва Ғазо секторига ҳужумларда оқ фосфорли снарядлар қўллагани ҳақида маълум қилди.
Фаластин атрофидаги араб давлатлари томонларни муросага чақирган бир пайтда, Қўшма штатлар Исроил учун аллақачон ҳарбий ёрдамларни юборди. Шунингдек, АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин исроиллик ҳамкасби Ёав Галлант ва бош вазир Бинями Нетаняҳу билан музокаралар ўтказиш учун Исроилга келди.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо сектори аҳолисига зудлик билан инсонпарварлик ёрдамини етказишга чақирди. Фаластин-Исроил можаросига бағишланган БМТ Хавфсизлик кенгашининг ёпиқ йиғилишида иштирок этишдан олдин у: «урушларнинг ҳам қонун-қоидалари бор», деб таъкидлади.
Исроил томони Ғазо аҳолисига ҳудудни тарк этишнинг сўнгги муҳлати 14 октябр 16:00 гача эканини айтган, бироқ қочқинлар карвонига Исроил томонидан ракета келиб тушгани ҳақида лавҳалар ижтимоий тармоқларда эълон қилинди. Тел-Авив ҳозирча бунга муносабат билдирмаган.
Шу билан бирга, Гутерриш Исроилнинг Ғазо секторининг шимолий қисмларини эвакуация қилиш ҳақидаги чақириғига очиқчасига қарши чиқди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг таъкидлашича, аҳоли зич жойлашган ҳудуддаги 1,1 миллионга яқин одамга таъсир қиладиган бундай ҳаракат «ўта хавфли ва баъзи ҳолларда имконсиздир».
Исроилнинг Пекиндаги элчихонасига ҳужум уюштирилди. Дипломат шифохонага ётқизилган, унинг ҳолати барқарор экани айтилмоқда. Аввалроқ ҲАМАС жума куни Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун оммавий акциялар ўтказишга чақирганди.
Қатар Фаластинни қўллаб-қувватлаш доирасида глобал газ танқислигини юзага келтирадими?
“Агар Ғазони бомбардимон қилиш тўхтамаса, биз дунёга газ таъминотини тўхтатамиз”, — деди амир Тамим бин Ҳамад Ал Соний.
Айни мана шу мазмундаги хабарлар Қатар ҳукумати томонидан тарқатилди деб ишонилди, бироқ бу дезинформация экани аниқланди. Демак амир бундай кескин баёнот бермаган .
Яқин шарқни кезиб юрган Блинкен
«Исроил халқи узоқ вақтдан бери ва ҳақли равишда ўз мустақиллиги, ўзини мустақил ҳимоя қила олиши билан фахрланиб келади, ҳатто вазият уларга қарши бўлса ҳам. Менинг Исроилга мурожаатим: ўзингизни ҳимоя қилиш учун етарлича кучли бўлишингиз мумкин, аммо Америка мавжуд экан, сиз буни ҳеч қачон ёлғиз қилмайсиз. Биз доимо сиз томонда бўламиз», деди Блинкен.
Исроилнинг Ғазо ҳудудига кенг кўламли босқинлари фонида Қўшма штатлар бош котиби Иорданияда Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос билан ҳам учрашган эди. Айни вақтда Энтони Блинкен Саудия Арабистонида.
Шуни қўшимча қилиш жоизки, Саудия Арабистони ҳам аввалгидек ташқи сиёсатда АҚШга эргашавермайди, ундан ташқари ҳозир дунёдаги геосиёсий вазият Хитой ва Россия қутбини танлаш имконини ҳам беради.
Можарога дунёнинг кўплаб давлатлари муносабат билдирди.
Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Исроилнинг Ғазога нисбатан блокадасини кескин қоралади:
Туркия раҳбари дунё ҳамжамиятини гуманитар инқирозга юз тутган Ғазо тақдирига бефарқ бўлмасликка, Исроилни эса гуруҳ эмас, балки давлат каби ҳаракат қилишга чақирган.
Шунингдек Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан айни вақтда Ғазо учун гуманитар ёрдам карвони билан Мисрда.
Иордания қироличаси Рания Исроилнинг ҳаракатларини қоралади ва Фаластин халқи билан бирдамлигини изҳор этди.
«Токи сиз оккупацион куч экансиз, бу асло ўз-ўзини ҳимоя қилиш эмас», — деб ёзган қиролича ижтимоий тармоқларда.
Хитой Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатиш бўйича ҳар қандай саъй-ҳаракатларга очиқ — Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Чжан Цзюн.
Эрон Исроил билан тўғридан тўғри урушга киришиш имкониятини истисно қилмаяпти.
"Ғазо сектори устидан агрессия ва қамал давом этаётган бир вазиятда Исроилга қарши бошқа фронтлар очилишини инкор этиб бўлмайди", — дея фикр билдирди у. Ушбу баёнот ҳақиқатга анча яқин, масалан Ҳизбуллоҳ Ливан ҳудудидан бир неча маротаба Исроил томон ракета зарбалари берди.
Россия президенти Владимир Путин можарога фикр билдираркан, Фаластин давлатини барпо қилиш билан боғлиқ муаммо ҳал қилинмагунча, можарога ечим топиб бўлмаслигини айтди.
«Қўшма Штатларда мустақил Фаластин давлатини яратиш йўлидан бориш керак, деб ҳисоблайдиган кўплаб сиёсий арбоблар ва экспертлар бор, Исроилда ҳам бор. Лекин, ўнлаб йиллар давомида бу муаммони куч билан ҳал қилиш керак деб ҳисоблайдиганлар устунлик этмоқда. Афсуски, бу биз ҳозир кўраётгандек фожиали воқеаларга олиб келди», деди Путин.
Исроил билан тўқнашувлар фонида Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос тез орада Москвага ташриф буюриши ҳақида хабарлар кенг тарқалган эди.
Халқаро майдонда юз берган асосий воқеалар ҳозирча шулар. «Геосиёсат»ни кузатишда давом этинг.
Мавзуга оид
17:39
2024 йилда гуманитар ёрдам ходимлари ўлими бўйича рекорд ўрнатилди – БМТ
10:30
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024