07:42 / 16.10.2023
8811

ЦАХАЛ: Қуруқликдаги операцияни кечиктириш сабаби - одамлар эвакуацияси 

Ғазо секторидаги операция об-ҳаво туфайли эмас, балки аҳолининг эвакуация қилиниши учун кечиктирилмоқда, дея маълум қилди ЦАХАЛ. 

Фото: ARIS MESSINIS/AFP

Исроилда кузатилаётган ноқулай об-ҳаво Ғазо секторида қуруқликдаги операция режаларига таъсир қилмаяпти, деди Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) матбуот котиби Аре Шаруз Шаликар 15 октябр, якшанба куни Германиянинг ARD телеканалида. Унинг сўзларига кўра, кечикишнинг асосий сабабларидан бири Исроилнинг «Ғазо секторида кўпроқ тинч аҳолига операция режалаштирилган шимолий ҳудудлардан жанубга эвакуация қилишга рухсат бериш» истагида.

ЦАХАЛ вакили, шунингдек, Мисрга Ғазо сектори билан чегарасида қочқинларни қабул қилиши учун босим ўтказишга чақирди: «Биз бегуноҳларга, айниқса аёллар, болалар ва қарияларга зарар етказишдан манфаатдор эмасмиз». Унга кўра, ЦАХАЛнинг мақсади - «7 октябрда Исроилга уюштирган ҳужуми учун ҲАМАСни йўқ қилиш ва уни жазолаш».

ЦАХАЛ маълумотларига кўра, 15 октябр ҳолатига камида 600 минг фаластинлик Ғазо шаҳридан жанубга эвакуация қилинган. Аввалроқ Исроил Ғазо сектори шимолидан 1,1 миллион кишини эвакуация қилишга чақириб, уларни яқин орада ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан огоҳлантирган эди. 

Фаластинликлар Ғазо сектори ҳудудининг қисқаришидан хавотирда 

Минтақани назорат қилаётган ҲАМАС гуруҳи аҳолидан исроиллик ҳарбийлар талабларини бажармасликни ва яшаш жойларини тарк этмасликни сўраб, буни Исроил томонидан ҳудудларни босиб олишга уринишдаги «психологик уруш» элементи эканини таъкидламоқда. Фаластинликларни ўз шаҳарларида қолишга чақириқни Миср ҳам қисман қўллаб-қувватламоқда, у ҲАМАС ҳужумларидан кейин Фаластин-Исроил можароси авж олган дастлабки кунларда Ғазо сектори билан чегарадаги ягона назорат-ўтказиш пунктини ёпди. 

Исроил ҲАМАС ўзининг ҳарбий объектларини Ғазо секторида тинч аҳоли бинолари ва уйларига яқин жойда жойлаштириш орқали тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланишига ишора қилиб келади. Бироқ, эвакуацияга қаршилар, яшаш жойларидан қочиб кетган фаластинликлар амалиёт тугаганидан кейин ҳам қайтишда муаммоларга дуч келиши мумкинлигидан хавотирда, чунки Исроил ҳарбийлари бу ҳудудларни назорат қилишни қайта кўриб чиқиши мумкин. 

Расмий Исроил бундай режаларни тасдиқламаяпти, бироқ мамлакат бош вазири ўринбосари Гидеон Саар 14 октябр куни Исроил телевидениесида операциядан сўнг Исроил Ғазо секторининг шимоли ва шарқида «хавфсизлик зоналари» яратиши мумкинлигини айтди, уларга кириш тақиқланади. Бу ҳақда Исроилнинг Haaretz портали Keshet 12 телеканали кўрсатувига таяниб хабар берди. 

Иқтибосга кўра, Саар Ғазо секторидаги «хавфсиз ҳудудлар» ғояси унинг шахсий фикри эканини таъкидлади. Аммо унинг қўшимча қилишича, ЦАХАЛнинг ҲАМАСга қарши операцияси якунланиши атрофдагиларга аниқ сигнал бериши керак – «Исроилга қарши уруш бошлаган ҳар бир киши ўз ҳудудларини йўқотиши шарт». 

ЦАХАЛ жазо муқаррарлигига ишоняпти 

7 октябр куни Исроилга уюштирилган йирик ҳужум учун масъул бўлган ҲАМАС гуруҳини йўқ қилиш «катта ва қийин мақсад», деди ЦАХАЛ вакили Шаликар. Бироқ у 1972 йилда Мюнхенда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари вақтида Исроил жамоаси спортчиларига уюштирган фожиали воқеани мисол қилиб келтирди. 

Унинг сўзларига кўра, кейинчалик ушбу ҳужумга алоқадорларнинг барчаси жавобгарликка тортилган ва Исроилга қилинган ҳужумларда иштирок этганлар билан ҳам худди шундай бўлади. 

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top