Жаҳон | 08:53 / 17.10.2023
7981
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Ғазо сектори учун инсонпарварлик ёрдами билан Мисрга самолётлар жўнатади

Самолётлар Европа Иттифоқидан Мисрга чодирлар, дори-дармон ва озиқ-овқат етказиб беради, улар Ғазо сектори аҳолисига тарқатилиши режалаштирилган.

Фото: BBC

Европа Иттифоқи ҳуманитар ҳаво кўпригини ишга туширмоқда, унинг ёрдамида Ғазо сектори аҳолисига ҳуманитар юклар бўлган самолётларни Яқин Шарққа жўнатади. Бу ҳақдаги баёнот 16 октябр, душанба куни Еврокомиссия сайтида эълон қилинди.

Баёнотда айтилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)дан инсонпарварлик юклари бўлган иккита самолёт 23 октябргача Мисрга жўнаб кетади. Таъминотлар орасида мобил чодирлар, дори-дармонлар ва гигиена воситалари бўлади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ўзининг фавқулодда захираларидан Ғазо секторига зарурий нарсаларни етказиб беришга тайёр. Аввалроқ Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ЕИ минтақанинг тинч аҳолисига кўрсатилаётган ҳуманитар ёрдам пакетини уч бараварга - 25 миллион евродан 75 миллион еврогача оширишини маълум қилганди.

БМТ маълумотларига кўра, Ғазо секторининг бир миллионга яқин аҳолиси Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) шимолий минтақада қуруқликда операция ўтказиши мумкинлиги сабабли уйларини ташлаб кетган. Шу билан бирга, Исроил ҲАМАС ҳаракатидан жангчилар 7 октябр куни ўғирлаб кетилган асирларни озод этишни талаб қилиб, Ғазо секторининг энергетик блокадасини давом эттирмоқда. 

Айни пайтда, ЦАХАЛ қуруқликдаги операцияни кейинга қолдирмоқда ва буни Ғазо сектори шимолидан тинч аҳолини эвакуация қилиш зарурати билан изоҳламоқда.

Германия канцлери Мисрга ташриф буюради

Фаластин-Исроил можароси кескинлашаётган бир пайтда Германия канцлери Олаф Шолц 17 октябр куни Исроилга ташриф буюради. 

Германия канцлери минтақага сафари давомида Мисрга ҳам ташриф буюради ва шу орқали Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг икки давлатга аввалги ташрифларини такрорлайди. ТИВ раҳбари ўз чиқишларида Исроил расмийларини Ғазо секторидаги ҳуманитар вазиятни ҳисобга олишга чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид