07:41 / 23.10.2023
7954

Мисрдан Ғазога инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи партияси етиб борди

Ғазо сектори учун биринчи ёрдам жўнатилганидан бир кун ўтиб, иккинчи ҳуманитар карвон ҳам худди шу манзилга етиб борди. Бироқ, БМТ маълумотларига кўра, мавжуд ҳажмлар етарли эмас. 

Фото: Reuters

Ғазо секторига яна бир инсонпарварлик ёрдами етиб келди: 22 октябр, якшанба куни кечқурун 14 юк машинасидан иборат карвон Мисрдан минтақага борди. Бу ҳақда Reuters агентлигига БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги матбуот котиби Жулетт Тума Аммандан телефон орқали хабар берди. 

Бу манзилга етиб борган иккинчи ҳуманитар карвондир: Миср ва Ғазо сектори ўртасидаги Рафаҳ чегара пунктининг очилиши бўйича бир неча кун давом этган баҳслардан сўнг, бир кун аввал Фаластин ҳудудига биринчи ёрдам юки етиб келди. Ўшанда 20 та юк машинаси чегарани кесиб ўтди. 

Муҳтожлар учун бу ёрдам етарли эмас 

Бироқ, БМТ маълумотларига кўра, Ғазодаги асосий эҳтиёжларни қондириш учун ҳар куни 100 та юк машинасида ҳуманитар ёрдам керак. Шунингдек, Миср чегараси орқали ёрдам етказиб беришда ҳеч қандай бўшлиқлар бўлмаслиги муҳим, деди БМТ бош котибининг ҳуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффитс 21 октябр куни Қоҳирадаги конференция чоғида. 

«Ҳуманитар ёрдамга жуда муҳтож бўлган миллионлаб одамлар учун яна бир кичик умид чақнади. Аммо уларга кўпроқ ёрдам берилиши керак», деб ёзди Гриффитс Х ижтимоий тармоғида. У Фаластин томонидаги ҳуманитар ташкилотлар ходимларини «ҳақиқий қаҳрамонлар» деб атади. Гриффитс таъкидлашича, бу ходимлар ҳам «ҳимояга муҳтож». 

ҲАМАС ҳаракатининг мамлакатга ҳужумидан сўнг Исроил Ғазо секторини қисман блокадага олганини эълон қилди. Ҳужум 7 октябр куни содир бўлган ва шундан бери Исроил ҳужумларга жавобан ҳудудга ҳаво зарбалари бериб, маҳаллий аҳолини сектор жанубига эвакуация қилишга чақиряпти. 

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top