Жаҳон | 23:28 / 24.10.2023
14025
2 дақиқада ўқилади

Биз учинчи жаҳон урушига яқинлашмоқдамиз — Илон Маск 

Миллиардер Украина ҳудудида ўт очишни тўхтатишга чақирди ва урушни умидсиз вазият деб атади.

Фото: Reuters

Миллиардер Илон Маск учинчи жаҳон уруши хавфи ҳақида огоҳлантирди. Ўзининг Х платформасидаги онлайн гуруҳ муҳокамасида сўзга чиққан Илон Маск Яқин Шарқ ва Украинадаги ҳарбий тўқнашувлар Учинчи жаҳон урушига айланиб кетиши мумкинлигига ишонишини айтди.

«Биз, худди уйқусида юрадиганлар каби, Учинчи жаҳон урушига яқинлашмоқдамиз. Бирин-кетин бемаъни қарорлар билан. Одамлар ўзини таҳлил қилиши керак. Агар уларнинг башоратлари амалга ошмаган бўлса, бошқа башоратлари амалга ошмай қолиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўриши керак», деди у.

Миллиардер Украина ҳудудида ўт очишни тўхтатишга чақирди ва урушни умидсиз вазият деб атади.

«Украинада тинчлик йўлини топишимиз керак ва менимча, биз Россия билан нормал муносабатларни тиклашимиз керак», деди Маск ва ҳозирги вазият Россияни Хитой билан яқинроқ иттифоққа мажбурлаши мумкинлигини қўшимча қилди.

Бундан ташқари, Илон Маск сўзларига кўра, америкалик сиёсатчилар «минтақавий» можаро глобал тус оладиган вазиятнинг олдини олишга устувор аҳамият бериши керак.

«Цивилизациянинг ўзи хавф остида қолиши мумкин», деб таъкидлади у.

Аввалроқ, Илон Маск Украина президенти Володимир Зеленский тасвирланган мемни жойлаштириб, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида шов-шувга йўлиққан эди. Маск машҳур мемнинг фотошоп версиясини жойлаштирди, унда Зеленскийнинг юзида хафа ифодаси акс этган, мем остидаги изоҳда «Беш дақиқа ўтди, аммо ҳали бир миллиард доллар ёрдам сўрамадингиз», дейилган эди.

Мавзуга оид