Иқтисодиёт | 18:30 / 24.10.2023
26311
4 дақиқада ўқилади

Президент бюджет интизомини кучайтириш кераклигини айтди

Шавкат Мирзиёевга кўра, энди давлат бюджетининг ҳар бир сатрига аниқ масъуллар бириктирилади. Давлат раҳбари бюджет маблағлари ҳисобидан тўғридан тўғри шартномалар тузишга йўл қўймаслик, очиқ-ошкора танлов ва тендерлар ўтказиш амалиётини кенгайтириш кераклигини айтди. 2024 йилда йирик тармоқлардаги таннархни 15−20 фоиз камайтириш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

20 октябр куни Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил учун давлат бюджетининг асосий йўналишлари ҳамда тармоқ ва ҳудудларда амалга ошириладиган вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда давлат бюджети даромадларини кўпайтириш, харажатларини оптималлаштириш бўйича ҳар бир соҳа, тармоқ ва ҳудудлар кесимида мавжуд захира ва имкониятлар таҳлил қилинган.

“Биз таҳликали замонда яшаяпмиз, рақобат кучайиб кетяпти. Бундай оғир пайтда фақатгина ўзимизнинг барқарор иқтисодиётимизга ишонишимиз керак. Йил якунига қадар бюджет тушумлари прогноз ижроси ва 2024 йил учун вазифаларни жиддий, танқидий муҳокама қиламиз”, деган президент МТКТ томонидан ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган видеолавҳада.

Давлат раҳбари ўтган 9 ой ичида саноат 5,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга, хизматлар 12,1 фоизга, умумий ҳисобда ялпи ички маҳсулот 5,8 фоизга ошганини, экспорт 23,5 фоизга кўпайиб, 17,7 миллиард долларга етганини айтиб ўтди.

“Кўрсаткичларимиз яхши бўлгани билан айрим тармоқ ва ҳудудлардаги ишлар аҳволи мени ташвишга солмоқда. Барқарор иқтисодий ўсишни изчил давом эттириш учун фақат ички имкониятларни ишга солишимиз зарур. Ўзимизга ишонишимиз керак. Миллатимизни ўйласак, ҳар биримиз, ҳар битта вазир, ҳар битта ҳоким ўзгариши керак. Шунинг учун иқтисодий ўсишга зарур шароит яратиб, даромад базасини кенгайтириш ҳукумат ва ҳокимларнинг асосий вазифаларидан бири бўлади.

Энди давлат бюджетининг ҳар бир сатрига аниқ масъуллар бириктирилади. Агар вилоят, туман ва шаҳар ҳокими дунёқарашини ўзгартириб, маҳаллий корхоналарнинг ишини ривожлантириб, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумни кўпайтирмас экан, иқтисодиёт барқарор бўлмайди. Мана шуни тушуниш керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳисоб-китобларга кўра, биргина жорий йилнинг IV чорагида 349 та йирик саноат корхонасида 2,1 триллион сўм харажатларни камайтириш кўзда тутилган. Бу борада таннархни камайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ҳукумат вакилларига келгуси йилда ҳам йирик тармоқлардаги таннархни 15−20 фоиз камайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ҳудудларнинг даромад базасини кенгайтириш масаласига тўхталиб ўтилди. Жумладан, паст қувватда ишлаётган корхоналарга кўмак бериб, уларни тўлиқ қувватга чиқариш чоралари белгиланди. Тадбиркорликни ривожлантириб, солиқ базасини кенгайтириш, афзалликлар бериш орқали яширин иқтисодиётни қисқартириш муҳимлиги айтилди. Қишлоқ хўжалигида “катта сакраш”га фақат илм орқали эришиш мумкинлиги таъкидланди.

2024 йил учун давлат бюджети лойиҳасида ижтимоий соҳага катта эътибор қаратилган. Хусусан, келгуси йил инсон капиталини ривожлантириш учун 102,5 триллион сўм йўналтириш мўлжалланмоқда. Бу жорий йилга нисбатан 15 фоиз кўп.

Масалан, дастлабки лойиҳада 317 та мактаб қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилган эди. Президент бу масаланинг муҳимлигини ва жойлардаги талабни инобатга олиб, яна 150 та мактаб қурилишига маблағ ажратишни таклиф қилди.

Шунингдек, бюджет интизомини кучайтириш бўйича қонунчиликка таклифлар киритиш зарурлиги айтилди. Бу борада бюджет маблағлари ҳисобидан тўғридан тўғри шартномалар тузишга йўл қўймаслик, очиқ-ошкора танлов ва тендерлар ўтказиш амалиётини кенгайтириш қатъий кўрсатиб ўтилди. Йиғилишда билдирилган фикрлар асосида 2024 йил учун бюджет лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.

Аввалроқ, январ-август ойларида Ўзбекистон давлат бюджети тақчиллиги 39 трлн сўмга етгани хабар қилинганди. Бу – 2022 йилдаги умумий консолидациялашган бюджет дефицитидан (35,2 трлн сўм) ҳам кўп. Ҳукумат прогнозларида 2023 йил якунлари бўйича 4,2 трлн сўмлик бюджет профицити бўлиши керак эди.

Мавзуга оид