Жаҳон | 13:38 / 30.10.2023
10164
2 дақиқада ўқилади

Исроил иккинчи қувур орқали Ғазога сув етказиб беришни тиклади

Энди Фаластин эксклавига ҳар куни тахминан 28,5 миллион литр сув етиб боради.

Фото: Reuters

Исроил Ғазо секторига учта сув қувурининг иккинчиси орқали сув етказиб беришни тиклади. 

Бу ҳақда The Times of Israel газетаси Исроилнинг Фаластин ҳудудларидаги ҳукуматлар фаолияти координатори (COGAT)га таяниб хабар берди

Шанба куни иккинчи сув таъминоти қайта очилди, деди у. 

Энди Фаластин эксклавига ҳар куни тахминан 28,5 миллион литр сув етиб боради. Бу 7 октябрда минтақадаги вазият кескинлашгунга қадар Исроил томонидан кунига 49 миллион литр етказиб берилган сувнинг ярмидан бироз кўпроқдир. 

Исроил-Фаластин можароси 

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8 мингдан ортиқ фаластинлик ва 1400 нафар исроиллик ҳалок бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид