14:10 / 30.10.2023
41888

Автосалонларда йўқ шартнома учун ажиотаж юзага келди

UzAuto Motors'нинг Chevrolet Gentra, Cobalt вa Damas автомобиллари учун шартномалар очилиши ҳақидаги миш-мишлар фонида автосалонларда навбатлар вужудга келди. Компания оммабоп моделларга шартнома бериш бошлангани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда 30 октябрдан бошлаб Chevrolet Gentra, Cobalt вa Damas автомобиллари учун шартномалар очилиши ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Натижада автосалонларда йўқ машина учун ажиотаж юзага келди.

UzAuto Motors оммабоп моделларга шартнома бериш бошлангани ҳақидаги хабарларни рад этди.

“Бугун бир қанча автоихлосмандлар автомобиллар учун контрактация бошлангани тўғрисидаги миш-мишларга ишониб, эрталабдан дилерлик марказларига келишгани сабабли катта навбатлар юзага келди. Ҳурматли харидорлар, эслатиб ўтамиз, сотув бошланганлиги тўғрисида ва бошқа мурожаатлар бўйича маълумотларни UzAuto Motors'нинг расмий каналларидан олишингиз мумкин.

Шунингдек, автомобилларга шартнома тузиш нафақат дилерлик марказларида, балки UzAutoSavdo иловаси, Telegam bot ҳамда savdo.uzavtosanoat.uz сайти орқали ҳам онлайн тарзда амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтамиз”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, компания оммабоп моделлари сотувини 8 ойлик танаффусдан кейин шу йил август ойи бошида қайта тиклаган, ўшанда автосалонларда кузатилган ажиотаж фонида 50 мингдан ортиқ автомобил учун шартномалар бир сутка ичида тарқатиб бўлингани айтилганди. Кейинроқ, 18 сентябр куни қўшимча шартнома бериш бошлангани хабар қилинди, бироқ орадан 2 соат ўтар-ўтмас 28 мингта шартнома тугагани, жараён эса тўхтатилгани маълум бўлди.

Top