Жаҳон | 10:29 / 05.11.2023
17570
2 дақиқада ўқилади

Россияда ноқонуний мигрантларнинг турмуш қуришини тақиқлаш таклиф этилди

Шунингдек, уларга автомашиналарини рўйхатдан ўтказиш ва банк ҳисоб рақамлари очиш ҳам тақиқланиши мумкин.

Фото: РИА Новости

Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакованинг маълум қилишича, департамент ноқонуний мигрантларнинг Россияда автомашиналарини рўйхатдан ўтказиш, банк ҳисоб рақамлари очиш ва никоҳ қуришни тақиқловчи қонун лойиҳасини тайёрлаган. Унинг сўзларига кўра, бундай қонун ноқонуний мигрантларни аниқлаш ва уларни Россия Федерацияси ҳудудидан «четлатиш» имконини беради.

«Агар сиз ноқонуний мигрант бўлсангиз, ушбу хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаслигингиз керак», деди Валентина Казакова. Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси тез орада Давлат Думасига кўриб чиқиш учун юборилади.

Валентина Казакова хорижлик шахснинг электрон авторизацияси ва у ҳақидаги маълумотлар киритиладиган рақамли профили масаласи ҳам ҳозирда муҳокама қилинаётганини эслатди. 

«Яъни, мигрант Россия Федерациясига кириш нияти борлигини маълум қилиши керак бўлади. Ва бу, албатта, бизда мавжуд бўлган салбий ҳолатларни камайтиради», деб қўшимча қилди у.

1 ноябр куни Давлат Думасига янги қонун лойиҳаси киритилди, унга кўра Россия фуқароларининг мигрант турмуш ўртоқлари учун вақтинчалик яшаш учун рухсатнома фақат бундай никоҳ тузилган кундан бошлаб икки йил ўтгандан кейин берилиши керак. Ўзгартириш муаллифлари, шунингдек, ота-оналик ҳуқуқи ёки никоҳи суд томонидан бекор қилинган шахслардан вақтинчалик пропискани олиб қўйишни таклиф қилмоқда. Янгиликлар сохта никоҳ ва фарзанд асраш амалиёти орқали яшаш учун рухсатнома олишга интилаётган мигрантларга тўсиқ сифатида кўрилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид