Ўзбекистон | 18:41 / 09.11.2023
10198
2 дақиқада ўқилади

2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 40 миллионга етади – Сенат

Сенатдаги семинарда аҳолининг сезиларли даражада юқори ўсиш суръатлари Ўзбекистон учун “ички хавф” деб аталди.

Фото: Kun.uz

Сўнгги 30 йил ичида Ўзбекистон аҳолиси сони 15 миллионга кўпайиб, 36 миллиондан ошди. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон аҳолиси 40 миллион кишига етади ва бу Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисининг деярли ярмини ташкил қилади.

Бу ҳақда Сенатда бўлиб ўтган «Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш» мавзусидаги семинарда сўз юритилди. Қайд қилинишича, “Ўзбекистон учун ички хавфлар асосан аҳолининг сезиларли даражада юқори ўсиш суръатларидан келиб чиқади”.

Семинарда ўсмир қизлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳамда кексаларнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи қай даражада қондирилаётгани, қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришнинг ўртача унумдорлиги, маҳсулот етиштирувчилар даромадини кўпайтириш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилаётгани бўйича вазирлик ва идораларнинг маърузалари тингланди. 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш самарадорлигини оширадиган барқарор озиқ-овқат ишлаб чиқариш тизимларини ва усулларини жорий этиш, соҳада салоҳиятни ошириш, илмий-тадқиқотлар ва замонавий технологияларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали инвестиция киритишни кўпайтириш борасида кўрилаётган чораларга эътибор қаратилди. 

Таъкидланганидек, салбий оқибатларга озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар, жумладан, ҳосилдорликнинг пасайиши, сув танқислиги, ерларнинг деградацияси, касалланишнинг ошиши ва бошқалар киради. 

Сув ресурсларининг камайиши, шу жумладан, иқлим ўзгариши сув ресурсларини бошқариш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва қўшимча сув манбаларини топиш бўйича фаол чораларни талаб қилади. Ерларнинг деградацияси ва чўлланиш тенденциялари қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши ва экологик барқарорликка салбий таъсир қилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид