Ўзбекистон | 07:43 / 10.11.2023
5960
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон - Туркия олий таълим муассасалари форуми ташкил этилади

Анжуманда икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида 50 дан ортиқ битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 13-14 ноябр кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми бўлиб ўтади.

«Дунё» хабарига кўра, форумда Туркия томонидан олий таълим кенгаши раҳбарияти ва ушбу мамлакатнинг 40 дан зиёд етакчи университетлари ректорлари, Ўзбекистон томонидан эса Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Республика олий таълим кенгаши раҳбарияти ҳамда 40 дан зиёд нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этиши режалаштирилмоқда.

Анжуманда муҳандислик-техника таълим йўналишларини устувор сифатида илгари суриш, магистратура ва докторантурада кадрлар тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириши ва стажировка дастурларини ташкил этиш бўйича икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида 50 дан ортиқ битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон-Туркия олий таълим муассасалари ректорларининг биринчи форуми 2022 йил 9-10 июн кунлари Туркиянинг Измир шаҳрида ташкил этилган. Мазкур форум якунлари бўйича, икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида 45 та ҳамкорлик шартномалари имзоланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид